Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори
Наманган шаҳридаги “Маърифат маскани”да анъанавий V устозлар миллий форуми ўтказилди.
“Сифатли таълим – Янги Ўзбекистон тараққиётининг мустаҳкам пойдевори” шиори остида ташкил этилган форум вилоятдаги умумий ўрта таълим мактабларининг янги ўқув йилига тайёргарлиги жараёнига бағишланган кўргазма билан бошланди.

Кўргазмадан ўрин олган ўқувчи ва педагогларнинг рационализаторлик ва ихтиро ишлари билан танишган вилоят мутасаддилари айниқса, Наманган шаҳридаги “Steam Plaza” нодавлат таълим муассасаси томонидан водийда биринчилардан бўлиб, 5-11 синфлар ўқувчиларига мўлжалланган авиация синфлари тақдимотига юқори баҳо бердилар. Боиси, янги ўқув йилидан бошланган мазкур ихтисослаштирилган синф авиация соҳасига қизиққан ўғил-қизларни олий таълим муассасасига тайёрлайди.

Ҳудуддаги 14 шаҳар, туманлардаги 300 дан зиёд педагоглар ҳамда тизим ходимлари иштирокидаги тадбирда Наманган вилояти ҳокими, сенатор Шавкат Абдураззоқов сўзг чиқиб, Ватан равнақи, Янги Ўзбекистон истиқболи ва тараққиёт одимлари таълим соҳаси билан, келажагимиз эгаларининг ҳар жиҳатдан илму салоҳиятли, замонавий билимларни чуқур ва мукаммал эгаллаган ўғил-қизлар бўлиб камол топишига боғлиқ эканлигини таъкидлади.
Эътироф этиш даркор, 2026 йилнинг ўзида Наманган вилоятидаги 37 та таълим муассасаси дастурга киритилиб, шундан битта янги ихтисослашган мактаб қуриш, 22 та мактабни реконструкция ва тўртта муассасани мукаммал таъмирлаш, 10 та болалар боғчасини таъмирлаш учун 351 миллиард сўм маблағ ажратилган.
Шу йил апрель ойида Наманган шаҳрида Ибн Сино номидаги халқаро биология олимпиадаси юқори савияда ўтказилгани, унда 12 давлатдан 94 нафар хорижлик ўқувчи иштирок этиб, ҳамюртларимиз 11 та медални қўлга киритгани ўзига хос тарихий воқеилик бўлди.

Эътиборлиси, вилоятдаги 790 та мактабни тамомлаган битирувчиларнинг 4 минг 283 нафари хорижий ва юртимизнинг нуфузли олий таълим масканларига муддатидан аввал ўқишга қабул қилинди. Ўтган ўқув йилида ўқувчиларимиз маҳаллий ва халқаро олимпиадаларда жами 19 медалга эга чиқиб, шундан 17 таси хорижда қўлга киритилди.
Жорий йил февраль ойидан бошлаб вилоятдаги 17 та мактаб ва 18 та боғчада Япония тажрибаси асосида тарбия жараёнларини йўлга қўйиш бўйича ишлар бошланди.

Бугунги кунда ўқитувчиларнинг маоши сезиларли оширилиб, 8 миллион сўмдан юқори маош олувчилар сони 1 минг 219 нафар, 10 миллион сўмдан юқори маош олувчилар эса 511 нафарни ташкил этмоқда. Олий тоифали педагоглар сони 2017 йилда 834 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирда улар 6 минг 222 нафарга етди.
Форумда Наманган вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Аъзамжон Исоқовнинг маърузаси тингланиб, унда соҳага қаратилаётган эътибор, педагог касбининг жамият, келажак авлод олдидаги масъулияти, тизимда бажарилажак келгусидаги долзарб вазифалар ҳақида сўз юритилди.
Хусусан, “Япон тажрибаси – Наманган мактаби”, “Устоздан устозга” ва “Бир устоз – бир иқтидор” ташаббуслари илгари сурилиб, педагогларни сунъий интеллект ва замонавий рақамли технологиялардан самарали фойдаланишга ўргатиш янги ўқув йилининг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланди.
Тадбир доирасида таълим-тарбия соҳасида юқори натижаларга эришаётган бир гуруҳ фаол, ташаббускор, изланувчан ва фидойи устоз муаллимлар муносиб тақдирланди.
Республика ва халқаро танловларда муваффақият қозонган истеъдодли ўқувчилар иштирокида мусиқий чиқиш ҳамда театр саҳна кўринишлари намойиш этилди.
Оқилхон Дадабоев, ЎзА.