“Туризм ва меҳмонхона хизмати” тўгараги келажак кадрларини тайёрлашда муҳим қадам
Навоий шаҳридаги 22-сонли умумий ўрта таълим мактабида ташкил этилган “Туризм ва меҳмонхона хизмати” тўгараги бугунги кунда ўқувчиларнинг касбий йўналишини шакллантириш, уларнинг амалий билим ва кўникмаларини ривожлантиришда муҳим ўрин тутмоқда.
Мактабда жорий этилган дуал таълим тизими орқали ўқувчилар нафақат назарий билимларни эгалламоқда, балки реал иш муҳитида амалий тажриба ҳам орттирмоқда. Ушбу ёндашув таълим сифатини ошириш билан бирга, ёшларни келажак касбига аниқ йўналтиришга хизмат қилмоқда.
– Дуал таълим доирасида ўқувчилар гидлик фаолияти, туризм хизматлари, меҳмонхона иши ҳамда сайёҳликни ташкил этиш йўналишларида билим олмоқда, – дейди мактаб директори Феруза Файзиева. – Амалий машғулотлар эса уларнинг касбий тайёргарлигини мустаҳкамлаб, мустақил фикрлаш ва мижозлар билан самарали мулоқот қилиш кўникмаларини ривожлантирмоқда.

Тўгарак аъзолари учун ташкил этилаётган амалий сафарлар алоҳида аҳамият касб этмоқда. Улар Сармишсой дараси ва Нуротадаги “Чашма” мажмуасида бўлиб, гидлик маҳоратини амалда синаб кўрмоқда.
Шунингдек, улар Нурота меҳмонхонаси фаолияти билан яқиндан танишиб, меҳмонларни кутиб олиш, жойлаштириш ва хизмат кўрсатиш жараёнларини бевосита кузатди.

Тўгарак раҳбари Ҳилола Худойбердиева бошчилигида олиб борилаётган бундай амалий машғулотлар ўқувчиларнинг туризм соҳасига бўлган қизиқишини янада ошириб, уларнинг келажакда малакали мутахассис бўлиб етишишига мустаҳкам замин яратмоқда.
А.Бўриев, ЎзА мухбири