Туризм қишлоғи сари янги қадам
Бухоро тумани ҳудудида жойлашган, тарихий ва зиёрат туризми нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга бўлган “Чор Бакр” мажмуаси атрофида туризмни янада ривожлантиришга қаратилган изчил ишлар давом этмоқда. Хусусан, “Чор Бакр” қишлоғига “туризм қишлоғи” мақомини бериш юзасидан навбатдаги мониторинг ишлари амалга оширилиб, ҳудуднинг имконият ва салоҳияти атрофлича ўрганилди.
Ўрганиш жараёнида қишлоқнинг мавжуд инфратузилмаси, туристик хизматлар сифати ҳамда сайёҳлар учун яратилган шарт-шароитлар ҳар томонлама таҳлил қилинди. Жумладан, қишлоққа кириш қисмида ўрнатилган рамзий стелла ҳудуднинг туристик мақомини ифодаловчи муҳим белги сифатида эътиборга молик. У нафақат эстетик жиҳатдан жозибадор, балки ташриф буюрувчилар учун йўналиш берувчи амалий аҳамиятга ҳам эга.

Шунингдек, ҳудудда ташкил этилган оилавий меҳмон уйларининг ҳолати, уларда кўрсатилаётган хизматлар даражаси ҳам ўрганилди. Миллий руҳни ўзида мужассам этган ресторан ва ошхоналар ташкил этиш, шунингдек, ҳунармандчилик маҳсулотлари савдоси учун махсус расталар барпо этиш имкониятлари кўриб чиқилди. Бу эса нафақат сайёҳларга қулайлик яратади, балки маҳаллий аҳолининг даромад манбаларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Сайёҳлар учун янада қулай муҳит яратиш мақсадида ҳудудда замонавий йўл кўрсаткичлар, пиёдалар йўлаклари ва кўча ёритиш тизимлари ўрнатилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Бу каби инфратузилмавий янгиланишлар ҳудуднинг туристик жозибадорлигини янада оширишга хизмат қилмоқда.

Мониторинг натижаларига кўра, “Чор Бакр” қишлоғининг туризм салоҳияти юқори экани, мавжуд инфратузилма ва хизматлар эса босқичма-босқич талаб даражасига мос равишда шаклланиб бораётгани қайд этилди. Шу асосда, ушбу ҳудудга келгусида “туризм қишлоғи” мақомини бериш бўйича ижобий хулоса билдирилди.


Мазкур ташаббус амалга оширилиши орқали ҳудудга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, янги иш ўринларини яратиш ва аҳоли фаровонлигини ошириш имконияти янада кенгаяди. Энг муҳими, бу каби лойиҳалар миллий меросимизни асраб-авайлаш ва уни кенг тарғиб қилишда муҳим ўрин тутади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.