Тупроқ электр манбаига айланди: Японияда ноодатий технология
Япониялик дизайнер ва муҳандис Сатоши Накагава оддий тупроқ, сув, озиқ-овқат ҳамда органик чиқиндидан электр энергияси олиш имконини берувчи технология ишлаб чиқди. Унинг ихтироси ҳозирча кўп қувват ишлаб чиқармаса-да, ташқи электр тармоғи бўлмаган ҳудудларда муҳим ечим ўлароқ баҳоланмоқда. Ихтирочи фикрича, аҳоли сони ортиб бораётган шароитда энергия таъминоти озиқ-овқат хавфсизлиги каби долзарб масала. Шу боис у ҳар бир инсон ён-атрофидаги тупроқ ёрдамида ток ишлаб чиқара олишини исботламоқчи.
Яратилган “micropower collection” технологияси нам ва минералга бой муҳитга мис ҳамда руҳ электродини жойлаштириш орқали жуда кучсиз, аммо барқарор электр оқимини ҳосил қилади. Тажриба майдончасида тупроқ ва компост солинган 1500 ёғоч қути ёрдамида 800 LED чироқ ёритилди. Яна бир лойиҳада 2000 дан ортиқ елим цилиндр орқали 100 ватт қувват олиниб, маиший қурилма – гуруч пиширгич ишлатилган.
Накагава мазкур мослама табиий офатдан кейин тармоқ ишламай қолган ҳудуд ёки қишлоқ хўжалигидаги кам қувват талаб қиладиган қурилмалар учун айниқса фойдали эканини айтмоқда. Унинг фикрича, дарё сатҳини кузатувчи сенсор, ер кўчиши ёки зараркунандани аниқловчи тизим, ҳатто сигнализация ҳам шу усулда ишлаши мумкин. Қолаверса, технология иш жараёнида карбонат ангидрид (CO₂) чиқармайди, қуёш ёки шамол энергетикасидан фарқли равишда об-ҳавога боғлиқ эмас.
Бинобарин, ихтиро илмий доираларда ҳар хил баҳоланяпти. Токио университети муҳандислик бўйича профессори Масаюки Накао мазкур технологиянинг ток ишлаб чиқариш қуввати оддий аккумулятор билан рақобатлаша олмаслигини таъкидлади. Шу билан бирга, у ишланма энергия манбалари ҳақидаги қарашни ўзгартириши, янги ғояларга туртки бериши мумкинлигини эътироф этди.
Ихтирочининг ўзи эса келажакда кам қувватли технологияни бошқа қайта тикланувчи энергия манбалари билан уйғунлаштириш соҳада кенг имконият очишига ишонч билдирди.
Мусулмон Зиё, ЎзА