Тожикистон делегацияси Ўзбекистоннинг ҳуқуқий ахборот тизими тажрибасини ўрганмоқда
Мамлакатимизда ҳуқуқий ахборот тизимини такомиллаштириш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлашни рақамлаштириш ҳамда бу борадаги илғор тажрибани халқаро ҳамкорлик орқали ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шу мақсадда Тожикистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Қонуният” давлат унитар корхонаси делегацияси Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот марказида хизмат сафарида бўлиб турибди.
Ташрифдан кўзланган асосий мақсад икки давлат ўртасида ҳуқуқий ахборот соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тайёрлаш, нашр этиш ва аҳолига етказиш борасидаги замонавий тажрибаларни ўрганиш, дейилади Адлия вазирлиги маълумотида.
Делегация ташриф давомида марказ фаолияти, ҳуқуқий ахборот ресурсларини яратиш ва юритиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш, расмий нашрларни тайёрлаш ҳамда фуқаролар ва ташкилотларга кўрсатилаётган хизматлар билан яқиндан танишмоқда.
Шунингдек, ҳуқуқий ахборот тизимларини такомиллаштириш, рақамлаштириш жараёнлари, электрон хизматларни ривожлантириш, сунъий интеллект ва замонавий технологияларни жорий этиш, мутахассислар малакасини ошириш юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази ҳамда “Қонуният” давлат унитар корхонаси ўртасида англашув меморандуми имзоланди.
Қайд этилишича, мазкур ҳужжат икки ташкилот ўртасида ҳуқуқий ахборот алмашинувини тизимли йўлга қўйиш, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш учун мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.
А.РУСТАМОВ,
ЎзА