Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбоси 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат бўлади
Ўзбекистон Республикасининг "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартириш киритиш ҳақида”ги қонуни қабул қилинди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасида лотин ёзувига асосланган, 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан иборат ўзбек алифбоси жорий этилади.
Мазкур ўзгартиришга мувофиқ, алифбо 26 та ҳарф ва 3 та ҳарфлар бирикмаси ўрнига 28 та ҳарф ва 1 та тутуқ белгисидан ташкил топади.
Алифбо таркиби:
A a, B b, D d, E e, F f, G g,
Ğ ğ
H h, I i, J j, K k, L l, M m, N n, O o,
Ö ö
P p, Q q, R r, S s,
Ş ş
Ç ç
T t, U u, V v, X x, Y y, Z z ва
(тутуқ белгиси).
Шунингдек, қонунда қуйидагилар белгиланди:
– Қонун кучга киргунига қадар лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида расмийлаштирилган ҳужжатлар, миллий валюта ва қимматли қоғозларда такомиллаштирилган ҳарфларнинг аввалги шакли мавжуд бўлиши уларнинг амал қилишига ва муомалада бўлишига монелик қилмайди;
– давлат органлари ва ташкилотларининг такомиллаштирилган ҳарфларнинг аввалги шакли мавжуд бўлган рамзий белгилари ва бошқа атрибутларидан, уларнинг биноларида акс эттирилган давлат гербининг бўртма тасвиридан, географик объектларнинг номлари туширилган пешлавҳа ва кўрсаткичлардан ҳамда Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган бошқа ашёлар ва манбалардан улар яроқсиз ҳолатга келиб қолгунига ёхуд Қонун ижросига доир чора-тадбирлар дастурида белгиланган муддатга қадар фойдаланилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан олти ой ўтгач кучга киради.
ЎзА