Тоза шаҳар, аввало, тафаккурдан бошланади
Тоза ва обод муҳит – жамият тараққиётининг муҳим кўрсаткичларидан бири. Бу борада экологик маданиятни юксалтириш, айниқса, ёшларда атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан саналади.
Жиззах политехника институти қурилиш муҳандислиги факультетида “Тоза шаҳар” экологик ўқув кампаниясининг “Қаттиқ маиший чиқиндиларни барқарор бошқариш” лойиҳаси доирасида ўтказилган навбатдаги ахборот-таълимий тадбир ана шу мақсадларга қаратилди.
Ўзбекистон нодавлат нотижорат ташкилотлари миллий ассоциацияси, Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ҳамда Қурилиш муҳандислиги факультети ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда факультет талаба-ёшлари, хотин-қизлар, ННТ вакиллари ва экологик фаоллар иштирок этди.


Тадбирда маиший чиқиндиларга масъулиятли муносабатни шакллантириш билан бир қаторда, қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқариш тизими самарадорлигини ошириш, аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш ва циркуляр иқтисодиёт тамойилларини кенг тарғиб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.


Махсус тайёрланган тақдимотлар орқали чиқиндиларни алоҳида йиғиш ва саралаш, масъулиятли истеъмол, чиқиндилар миқдорини камайтириш ва қайта фойдаланишнинг аҳамияти атрофлича тушунтирилди. Шунингдек, экологик барқарорликни таъминлашда фуқаролик жамиятининг ўрни хусусида ҳам муҳим маълумотлар берилди.
Интерактив усулда кечган мулоқотлар ёшларнинг мавзуга қизиқишини янада оширди. Талабалар экологик барқарорликни таъминлаш, чиқиндиларни бошқариш ва атроф-муҳитга масъулиятли муносабатни шакллантириш бўйича муҳим билим ва кўникмаларини бойитди.

Тадбир якунида креатив ғоялари ҳамда баҳс-мунозаралардаги фаол иштироки билан ажралиб турган талабаларга ташкилотчилар томонидан эсдалик совғалари топширилди.
Эътиборлиси, бундай ахборот-таълимий тадбирлар экологик муаммолар ҳақида шунчаки маълумот бериш билан чекланмай, ёшларни кундалик ҳаётда масъулиятли истеъмол ва чиқиндиларга оқилона муносабат тамойилларига амал қилишга ундайди. Зеро, тоза шаҳарни барпо этиш фақат инфратузилма ёки ободонлаштиришдан эмас, аввало, инсоннинг экологик тафаккури ва шахсий масъулиятидан бошланади.
Абдужалол Қаюмов,
ЎзА мухбири