Маҳорат дарси ташкил этилди
Таниқли рассом Жамол Усмоновнинг ноёб ёндашуви тасвирий санъатга янгича назар ташлашга чорлайди.
Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Бадиий академияси ҳузуридаги Бадиий таълим йўналишларида педагог ва мутахассис кадрларни қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш маркази қошида маҳорат дарси ташкил этилди.
Дарс таниқли рассом Жамол Усмонов томонидан олиб борилди. Унда рассом тасвирий санъатнинг ўзига хос жиҳатлари, ижодий ёндашув, бадиий тафаккур ва асар яратиш жараёнининг муҳим босқичлари юзасидан тингловчиларга назарий ҳамда амалий билим-кўникмалар берди.
Мастер-класс давомида рассом ўзининг ижодий изланишлари, рангтасвирда шаклланган тажрибаси ҳамда санъатда янги ифода воситаларини излаш жараёни ҳақида иштирокчилар билан фикр алмашди.
Жамол Усмонов ўз ижодий фаолиятининг муҳим босқичларидан бири ҳақида сўз юритар экан, 1998–1999 йилларда Алишер Навоийнинг “Лисон ут-тайр” (“Қуш тили”) асари асосида ижодий туркум устида ишлай бошлаганини таъкидлади. Ушбу жараёнда турли тажрибалар олиб борилгани, анъанавий рангтасвир имкониятлари рассомнинг ижодий ғояларини тўлиқ ифодалаш учун етарли бўлмай қолгани ҳақида сўзлаб берди.
“Мен картина учун ажратилган чегаралардан ташқарига чиқишим кераклигини ҳис қилдим. Ғояни композицияда тўлиқ ифодалаш учун менга маълум бир макон зарур эди. Уч ўлчамли макон билан ишлай бошлаганимда эса ўзимда янги имкониятларни ҳис қилдим ва янги ғоялар пайдо бўлди”, — дея рассом ўз ижодий тажрибаси билан бўлишди.
Шунингдек, у тингловчиларга тасвирий санъатда индивидуал услубни шакллантириш, композицион ечим топиш, ранглар уйғунлигидан самарали фойдаланиш ҳамда ижодий ғояни бадиий образ орқали ифодалашнинг амалий усулларини намойиш этди.
Тингловчилар рассомнинг бевосита амалий иш жараёнини кузатиш, ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиш ва ижодий топшириқлар орқали ўз билимларини мустаҳкамлаш имкониятига эга бўлишди. Таъкидлаш лозимки, ушбу маҳорат дарси тингловчиларнинг касбий компетенциясини ривожлантириш, ижодий салоҳиятини ошириш ҳамда замонавий тасвирий санъат йўналишидаги билим ва кўникмаларини бойитишда муҳим аҳамият касб этади.
Шербек Исломов, ЎзА