Toyota савдо рекордини ўрнатди
"Toyota" 2025 молиявий йилида рекорд даражадаги глобал савдо кўрсаткичини эълон қилди. Бинобарин, бу муваффақият қисман минтақавий талабга оид ўзгариш ва геосиёсий қийинчиликлар билан ҳам боғлиқ.
“Toyota Motor Corp” бир йилда бутун дунё бўйлаб рекорд даражада – 10,48 миллион автомобиль сотилганини маълум қилди. Компания бир йиллик танаффусдан сўнг яна рекорд ўрнатди. Бу ҳақда Kyodo агентлиги хабар берган.
АҚШ жорий этган юқори тарифнинг салбий таъсирига қарамай, асосан Шимолий Америкада гибрид автомобилга нисбатан кучли талаб туфайли савдо ўсиши кузатилди.
Дарвоқе, минтақадаги можаро туфайли кун чиқар юртдан Яқин Шарққа автомобиль экспорти март ойида қарийб икки баробар камайиб, 17 000 тага тушган.
Рақобат кучайиши ортидан Хитойда савдо кўрсаткичи 1,4 фоиз тушиб, 1,76 миллион донани ташкил этди. Японияда эса 2,0 фоиз камайиб, 1,47 миллион донани ташкил қилди.
Электр транспорт воситалари глобал савдоси 6,5 фоиз ўсиб, рекорд даражадаги 5,04 миллион автомобилга етди.
Г.Сатторова, ЎзА