Дунё суратларда
Дунёнинг турли бурчакларида ҳаёт бир лаҳза ҳам тўхтамайди. Воқеалар, байрамлар, синовлар – барчаси ЎзА объективида. Глобал манзарага назар ташланг!
ЎзА ўқувчиларни жаҳонда содир бўлган воқеа-ҳодисалардан суратлар ёрдамида бохабар этишда давом этади.

Буюк Британия: Шимолий Ирландиянинг Данмурри ҳудуди Белфаст шаҳрида жойлашган полиция бўлими ташқарисида автомобиль портлагани ҳақида хабар тарқалди. Ҳодиса юзасидан суд-тиббиёт терговчилари иш олиб бормоқда. Белфаст чеккасидаги мазкур ҳудудда жойлашган уйлардан одамлар эвакуация қилинди, аҳолига воқеа жойидан узоқроқ юриш тавсия этилди.

Сурия: Дамашқ шаҳрида собиқ режим етакчиси Башар Асаднинг амакиваччаси Атиф Нажиб Адлия саройидаги тўртинчи жиноий судда кўрилаётган жараёнда суд залининг махсус ажратилган қисмида ўтирибди. Нажиб аввалги маъмурият даврида Дараъ аҳолисига қарши содир этилган ҳуқуқбузарлик ва жиноятда айбланган.

Жанубий Африка: Йоханнесбург шаҳрида якшанба куни Озодлик куни нишонланди. Бу байрам 1994 йил мамлакатда ўтказилган биринчи эркин ва адолатли сайлов ҳамда апартеид тузуми тугашига бағишланган миллий байрам ҳисобланади.

Фаластин, Ғарбий Соҳил: Хеброн шаҳри яқинидаги Мусофир Ятта ҳудудида жойлашган Умм ал-Хайр қишлоғида фаластинлик ўқувчилар йўл четида ўтириб, сессияда қатнашмоқда. Йўл кўчманчилар ва Исроил кучлари томонидан ёпилиши уларнинг мактабга боришига тўсқинлик қилмоқда.

Япония: Тохоку вилоятидаги Оцучи шаҳри яқинида номаълум киши дурбин орқали ўрмон ёнғинини кузатмоқда. Юзлаб ўт ўчирувчи мамлакат шимолида юз берган офатни даф қилишга уринмоқда. Расмийлар эса 3200 дан кўп аҳолини хавфсизликка риоя қилиш мақсадида уйини тарк этишга чақирди.

Япония: Токио шаҳрида гўдаклар ва ота-оналар Наки Сумо фестивалида иштирок этди. Ушбу тадбирда икки нафар сумо курашчининг ҳар бири чақалоқни кўтариб туради, ҳакамлар турли овоз ва ҳаракат орқали болани йиғлатишга ҳаракат қилади. Энг кўп йиғлаган чақалоқ ғолиб чиқади.

Ғазо: Дайр ал-Балоҳ шаҳрида фаластинлик жуфтликлар шанба куни оммавий никоҳ маросимида иштирок этмоқда.

Исроил: Тель-Авив шаҳридаги Ха Бима майдонида шанба куни кечқурун одамлар Эрон билан уруш ва Исроил ҳукумати сиёсатига қарши намойиш ўтказди.

Ливан: Жанубий чегарага яқин ҳудудда танк ва ҳарбий техника вайрон бўлган уйлар орасидан ўтиб боряпти. Мамлакат соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, шанба куни Исроил уюштирган зарбалар оқибатида 4 киши ҳалок бўлган. Бу амалиёт Исроил ва “Ҳизбуллоҳ” ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви узайтирилганига қарамай содир бўлди.

Гватемала: “La Aurora” ҳайвонот боғида 4 ойлик “Humboldt” лақабли Кампито пингвини оммавий ахборот воситаларига тақдим этилди. Кампито ва Нанси 2013 йил Франция томонидан ҳадя қилинган жониворлар гуруҳидан кейин туғилган энг сўнгги пингвин болаларидир.

Шри-Ланка: Коломбо шаҳрида Негомбо суд мажлисидан сўнг маҳаллий роҳиблар ҳибсхонага олиб кетиляпти. Расмийларга кўра, Таиланддан қайтган 22 нафар роҳиб гиёҳванд модда сақлашда айбланган.

Буюк Британия: Ғарбий Йоркширдаги Морли шаҳри фуқаролари ҳар йили ўтказиладиган Авлиё Жорж байрами доирасида Ноттингем рицарлари иштирокидаги парадда қатнашмоқда.

Эрон, Теҳрон шаҳри шимоли-ғарбида жойлашган Читгар кўлида одамлар дам оляпти. Расман Форс кўрфазининг Шаҳидлар кўли номли ушбу сунъий кўл аҳоли учун жозибадор дам олиш маскани ҳисобланади.
Фардона Яхшибоева, ЎзА