Тойлоқ саноати ривожланиш босқичида
Самарқанд вилоятининг саноат салоҳиятини ошириш борасидаги ишлар самараси Тойлоқ тумани иқтисодиётида ҳам ўз аксини топмоқда. Кейинги ўн йилликда саноат соҳасига берилаётган имтиёз ва преференциялар туфайли мазкур туманнинг вилоят саноатидаги улуши 5,6 фоизни ташкил қилиб, 16 шаҳар ва туман орасида тўртинчи ўринда қайд этилмоқда.
Биргина жорий йилнинг дастлабки чорагида 1,2 триллион сўмлик саноат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиб, ўсиш суръати ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 109 фоизни ташкил этди. Адас маҳалласида туманда биринчи марта электротехника йўналишида “Skywall” масъулияти чекланган жамияти томонидан умумий қиймати 1,1 миллион АҚШ доллари бўлган лойиҳа амалга оширилиб, сунъий интеллект орқали бошқариладиган замонавий телевизорлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва 50 та иш ўрни яратилди.
Масъулияти чекланган жамият шаклидаги “PET AGRO OIL” қўшма корхонаси туманнинг йирик саноат субъектларидан бири ҳисобланади. Етти йилдан буён фаолият кўрсатаётган корхонада ўсимлик мойи, ёғ-мой маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. 300 дан ортиқ ишчи-ходим меҳнат қилаётган корхонада тайёрланаётган маҳсулотлар ички бозор билан бирга экспортга йўналтирилади. Жумладан, ўтган йил “PET AGRO OIL” МДҲ ва Европа давлатларига 11,9 миллион долларлик экспортни амалга оширган.
Корхонада ишлаб чиқариш жараёнлари замонавий технологиялар асосида ташкил этилган бўлиб, маҳсулот сифати устидан қатъий назорат ўрнатилган. Ишлаб чиқаришда илғор технологик ечимлардан фойдаланиш маҳсулот сифатини таъминлаш, энергия тежамкорлигини ошириш ва ишлаб чиқариш самарадорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.
Корхона масъулларининг қайд этишича, “PET AGRO OIL” фаолиятининг асосий йўналишларидан бири истеъмолчиларга юқори сифатли ва хавфсиз маҳсулотларни етказиб беришдан иборат. Шу мақсадда корхонада хомашёни қабул қилишдан бошлаб тайёр маҳсулотни истеъмолчига етказиб беришгача бўлган барча жараёнлар замонавий стандартлар асосида амалга оширилади. Шунинг учун корхона хорижий давлатларда ўтказилаётган озиқ-овқат саноат ярмаркаларида мунтазам иштирок этиб, маҳсулотларини Европа бозорларида ҳам сотишга эришмоқда.
[gallery-30279]
– Туманимизда “PET AGRO OIL” сингари корхоналарни кўпайтириш ва саноат салоҳиятини ошириш борасида аниқ дастурлар асосида иш олиб борилмоқда, – дейди Тойлоқ тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Адҳам Шарипов. – Жумладан, бу йил 5 та йирик саноат лойиҳасини ишга тушириш кўзда тутилган. Жумладан, Боғизоғон маҳалласида “Грант перилла нержавейка” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 10 миллион доллар бўлган пет қопламали лексан маҳсулотлари ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилади ва 50 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу маҳаллада “Самарқанд картошкачилик маркази” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 2,7 миллион долларни ташкил қиладиган картошкани саралаш ва чипслар ишлаб чиқариш линиясини ишга тушириш бўйича ишлар бошланган. “Агро Плюс Импекс” корхонаси эса 1,5 миллион долларлик лойиҳа асосида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ҳамда сабзи шарбати ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳаракатида. Саноат соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар ва чора-тадбирлар натижасида йилнинг биринчи ярмида 1,7 триллион сўмлик, йил якуни билан 4,2 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ўтган йилга нисбатан 9,2 фоиз ўсиш таъминланади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари