Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари Ўзбекистон тажрибасини ўрганмоқда
Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари ва Малайзия делегацияси иштирокида Ўзбекистонда хавфларни бошқариш тизимини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди.
Божхона қўмитасида Жаҳон божхона ташкилоти экспертлари ҳамда Малайзия делегацияси иштирокида хавфларни бошқариш соҳасида илғор халқаро тажрибани ўрганиш ва ўзаро ҳамкорликни кенгайтиришга бағишланган учрашув бўлиб ўтди.
Тадбирда Божхона қўмитаси раиси ўринбосари Н.Мусамуҳамедов иштирок этиб, мамлакатимизда божхона маъмурчилигини халқаро стандартлар асосида такомиллаштириш, хавфларни бошқариш механизмларини янада самарали ташкил этиш ҳамда рақамли технологияларни кенг жорий этиш бугунги куннинг устувор вазифаларидан бири эканини таъкидлади.

Учрашув давомида Ўзбекистон божхона органларида амалиётга татбиқ этилган хавфларни бошқариш тизими, хавфларни баҳолаш ва профиллаш механизмлари, автоматлаштирилган қарор қабул қилиш жараёнлари ҳамда замонавий рақамли ечимлар ҳақида батафсил тақдимотлар ўтказилди.
Шунингдек, томонлар мазкур соҳада эришилган натижалар, мавжуд тажриба ва уни янада такомиллаштириш истиқболлари, шунингдек, ўзаро ҳамкорликни чуқурлаштиришнинг янги йўналишлари юзасидан атрофлича фикр алмашди.

Ташриф дастурига мувофиқ, халқаро экспертлар ва делегация аъзолари учун махсус семинарлар ҳамда амалий машғулотлар ташкил этилади. Шунингдек, улар «Яллама» чегара божхона пости фаолияти билан танишиб, хавфларни бошқариш тизимининг амалдаги қўлланилиши, замонавий назорат усуллари ва рақамли технологиялардан фойдаланиш жараёнларини ўрганади.
Мутахассислар фикрича, бундай учрашувлар халқаро стандартларни миллий амалиётга жорий этиш, тажриба алмашиш, мутахассислар малакасини ошириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун янада шаффоф ва самарали божхона хизматларини йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этади.

Учрашув якунида томонлар мазкур ташриф хавфларни бошқариш соҳасида илғор халқаро тажрибаларни ўзаро алмашиш, профессионал ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ҳамда божхона тизимига замонавий ёндашувларни кенг жорий этишга хизмат қилишини алоҳида таъкидлади.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА