Тошкентда Хитой – Марказий Осиё савдо кўргазмаси ўтказилади
Жорий йил 14-16 октябрь кунлари Тошкентда 2026 йилги Хитой – Марказий Осиё Ўзбекистон савдо кўргазмаси бўлиб ўтади.
Хитой Халқаро савдони ривожлантириш кенгаши томонидан ташкил этилаётган тадбир “Ўзэкспомарказ” миллий кўргазмаси мажмуасида ўтказилиши режалаштирилган.
Кўргазмада Хитойнинг 200 га яқин корхонаси иштирок этиб, ўз маҳсулотлари, замонавий технологиялари ва саноат соҳасидаги ишланмаларини намойиш этади. Иштирокчилар орасида юқори технологиялар йўналишида фаолият юритувчи компаниялар ҳамда янги ривожланаётган саноат тармоқлари вакиллари ҳам бўлиши кутилмоқда.
Мазкур тадбир Хитой ва Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Ўзбекистон ишбилармон доиралари ўртасида савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш, корхоналараро ҳамкорлик ўрнатиш ва ўзаро манфаатли бизнес лойиҳаларини муҳокама қилиш учун майдон бўлиб хизмат қилади.
Кўргазма доирасида Хитой компанияларининг маҳсулот ва технологиялари билан танишиш, шунингдек, минтақавий бозорлардаги ҳамкорлик имкониятларини ўрганишга эътибор қаратилади.
Нилуфар Бозорова, ЎзА