Жадид сабоқлари – миллий тараққиётнинг маънавий асослари
Сўнгги йилларда жадидчилик ҳаракати ва унинг намояндалари меросини чуқур ўрганиш, тадқиқ ва тарғиб этиш ҳамда уларнинг тарихий хизматларини муносиб эътироф этиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу ҳаракатлар тарихий ҳақиқатни тиклаш баробарида миллий тараққиётнинг маънавий асосларини мустаҳкамлаш, жамиятда илм-фан ва маърифатга интилишни кучайтиришда муҳим ўрин тутади. Шунингдек, ёш авлодни ватанпарварлик, миллатпарварлик руҳида тарбиялашга хизмат қилади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Фан, таълим, маданият, спорт ва ёшлар масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган “Жадид сабоқлари” мавзусидаги семинарда жадидлар мероси, уларнинг миллий ўзликни англаш ва замонавий тараққиёт ҳақидаги қарашлари ҳамда бугунги ислоҳотлар билан ҳамоҳанглиги муҳокама қилинди.
Семинарда олимлар жадид боболаримизнинг ғоялари Янги Ўзбекистон стратегияси билан уйғун ва ҳамоҳанг экани, уларнинг миллатни илм-маърифат орқали тараққий эттириш, миллий ўзликни асраш ва замон талабларига мос ривожланишга эришиш борасидаги қарашлари бугунги ислоҳотлар билан чамбарчас боғлиқлиги қайд этилди.

Мамлакатимизда жадидларнинг маънавий меросини тиклаш ва кенг жамоатчиликка етказиш борасида амалга оширилаётган ишлар алоҳида эътироф этилди. Жумладан, Бухоро шаҳрида Жадидлар мероси давлат музейи ташкил этилаётгани, жадидчиликка оид қўлёзма ва манбалар рақамлаштирилаётгани, қатағон қурбонлари хотирасини тиклаш, ноҳақлик қурбони бўлган аждодларимизнинг номларини оқлаш борасидаги ҳаракатлар тарихий адолатни қарор топтиришда муҳим аҳамиятга эга эканлиги таъкидланди.
Семинарда жадид боболаримизнинг ҳаёт йўли ва фаолиятини чуқур ўрганиш, уларнинг илмий-маърифий меросига оид тадқиқотларни кўпайтириш зарурлиги қайд этилди. Тарихий манбалар асосида янги илмий изланишлар олиб боришда ёш тадқиқотчиларни қўллаб-қувватлаш лозимлигига эътибор қаратилди.
М.Комилова, ЎзА