Тошкентда «Чилла - салқин таъмлар фестивали» ўтказилди
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва қатор ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ёзнинг энг иссиқ кунларига бағишланган «Чилла - салқин таъмлар фестивали» бўлиб ўтди.
Тошкентда ёзги туризм ва оммавий дам олиш маданиятини ривожлантириш мақсадида ташкил этилган тадбир ўзида маҳаллий ва хорижий брендлар иштирокида салқинлантирувчи маҳсулотлар кўргазмаси, кенг қамровли шоу-дастурларни жамлади.
Фестиваль майдонида пойтахт аҳолиси ва меҳмонлари учун салқин ичимликлар ва музқаймоқлар, турли ёзги таъмлар, интерактив ўйинлар, танлов ва совринли акциялар ташкил этилди.

Шунингдек, қарийб 10 тонна ҳақиқий муздан яратилган арт-объектлар ва фотофонлар, салқинлантирувчи ёмғир аркалари, сувли ўйин майдонлари ва махсус салқинлаш ҳудудлари фестивалга ўзгача муҳит бағишлади.
Кечки дастурда ДЖ-сетлар, таниқли ижодкорлар иштирокидаги концертлар, кўнгилочар дастурлар ва мушакбозлик намойиш этилди.
Г.Бобоева,
ЎзА