Рақамли хавфга ишончли ҳимоя
Бугун тадбиркорликни рақамли технологияларсиз тасаввур қилиш қийин. Электрон тўловлар, онлайн хизматлар, ижтимоий тармоқлар ва турли рақамли платформалар бизнес юритишда катта қулайлик яратмоқда. Бироқ имкониятлар кенгайгани сари киберхавфлар ҳам ортиб бормоқда. Шу боис тадбиркорнинг рақамли хавфсизлиги бугун оддий эҳтиёт чораси эмас, балки бизнес барқарорлигининг муҳим шартига айланди.
O‘zLiDePнинг “Халқ билан бирга” умуммиллий дастури доирасида Сирдарё вилоятида тадбиркорларни киберхавфлардан ҳимоя қилиш ва уларнинг рақамли саводхонлигини оширишга қаратилган “Киберхавфсиз тадбиркорлик” акцияси ўтказилди.
Унда Сирдарё вилояти ҳокимининг ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бошқармаси бошлиғи Наргиза Тожибаева, O‘zLiDeP Сирдарё вилоят Кенгаши, Савдо-саноат палатаси вилоят бошқармаси, Сирдарё вилояти Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси, вилоят Солиқ бошқармаси вакиллари, тадбиркорлар ҳамда ҳунармандлар иштирок этишди.

Тадбирда асосий эътибор бугун кенг тарқалаётган интернет фирибгарлиги ва бошқа кибержиноятлардан сақланиш масалаларига қаратилди. Сирдарё вилояти Кибержиноятларга қарши курашиш бошқармаси катта инспектори Авазбек Олимбоев тадбиркорларга киберҳужумларнинг кенг тарқалган турлари, улардан ҳимояланиш усуллари ва рақамли хавфсизлик қоидалари ҳақида маълумот берди.
Мутахассислар таъкидлаганидек, киберхавф кўпинча мураккаб технологиядан эмас, балки бир лаҳзалик эътиборсизликдан бошланади. Шубҳали ҳаволани очиш, сохта сайтга маълумот киритиш ёки бегона шахсга банк картаси маълумотлари ва SMS орқали келган тасдиқлаш кодини бериш жиддий зарарга олиб келиши мумкин.

Шу боис тадбиркорларга банк картаси маълумотларини бегоналарга ошкор қилмаслик, шубҳали хабар ва ҳаволаларни очмаслик, аккаунтларда мустаҳкам пароллардан фойдаланиш, икки босқичли ҳимояни ёқиш каби оддий, аммо муҳим қоидаларга амал қилиш тавсия этилди.
Учрашув давомида тадбиркорлар ўзларини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиб, мутахассислардан амалий тавсиялар олди. Бу эса киберхавфсизлик масаласи ҳар бир тадбиркорнинг кундалик фаолиятига бевосита дахлдор эканини кўрсатди.
Акция доирасида тадбиркорлар билан онлайн ва офлайн тарғибот ишлари ҳам кучайтирилмоқда. Интернет фирибгарлигининг кенг тарқалган усуллари, электрон тўловлар хавфсизлиги, шахсий ва корпоратив маълумотларни муҳофаза қилиш бўйича тушунтиришлар берилмоқда.

Зеро, бугун бизнеснинг рақамли имкониятларидан самарали фойдаланиш қанчалик муҳим бўлса, уни кибертаҳдидлардан асраш ҳам шунчалик зарур. Чунки киберхавфсизлик нафақат маблағ ва маълумотларни, балки тадбиркорнинг обрўси, мижозлар ишончи ва бизнеснинг барқарорлигини ҳам ҳимоя қилади.
Сирдарёда ўтказилаётган бундай тарғибот тадбирлари тадбиркорларни рақамли таҳдидлардан огоҳлантириш билан бирга, уларда киберхавфсизлик маданиятини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Рақамли муҳитда хавфсизликни таъминлаш эса ишончли ва барқарор бизнеснинг муҳим пойдеворидир.

— Бугунги кунда рақамли технологиялар тадбиркорлик фаолиятини янада қулай ва самарали ташкил этишда муҳим ўрин тутмоқда. Бироқ рақамли имкониятлар билан бирга турли киберхавфлар ҳам ортиб бораётгани сир эмас. Шу боис тадбиркорларнинг киберсаводхонлигини ошириш, уларни интернет фирибгарлиги ва бошқа рақамли таҳдидлардан ҳимоя қилиш бўйича тушунтириш ишларини кучайтириш муҳим деб ҳисоблайман. Айниқса, хотин-қизлар орасида тадбиркорлик билан шуғулланаётган, электрон тўловлар ва онлайн хизматлардан фойдаланаётган фуқароларнинг рақамли хавфсизлик қоидаларини яхши билиши зарур. Бугунги мулоқотда айнан шу масалаларга эътибор қаратилгани, иштирокчиларнинг ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан аниқ жавоб ва амалий тавсиялар олгани тадбирнинг аҳамиятини янада оширди. Бундай тарғибот тадбирлари аҳоли, айниқса, тадбиркор хотин-қизларни рақамли хавфлардан хабардор қилиш ва уларда хавфсизлик кўникмаларини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади, — дейди Гулистон шаҳар ҳокими ўринбосари, оила ва хотин-қизлар бўлими бошлиғи Азиза Файзиева.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири