Тошкент халқаро инвестиция форуми глобал бизнес мулоқоти учун янги платформага айланади
Жорий йилнинг 16-18 июнь кунлари пойтахтимизда V Тошкент халқаро инвестиция форуми бўлиб ўтади. Шу муносабат билан бугун Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида мазкур нуфузли форум, унинг ташкилий жараёнлари, иштирокчилари ҳамда кутилаётган натижаларига бағишланган матбуот анжумани ўтказилди.
Унда инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов, вазир ўринбосарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбир аввалида вазир Лазиз Қудратов Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида қуйидагиларни маълум қилди:
– Мазкур V Тошкент халқаро инвестиция форумининг ўтказилиши Ўзбекистоннинг инвестиция салоҳиятини янада юксалтириш, маҳаллий ва хорижий ишбилармон доиралар ҳамда молиявий ташкилотлар вакиллари учун кенг мулоқот майдонини яратишга хизмат қилади. Энг муҳими, бешинчи бор ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбир иштирокчилари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда. Бу эса мамлакатимизнинг иқтисодий имкониятларини халқаро ҳамжамиятга яқиндан намоён этиш учун кенг имконият яратмоқда.

Форум ҳақида тўхталадиган бўлсак, бугунги кун ҳолатига кўра, унда иштирок этиш учун рўйхатдан ўтганлар сони 9 минг 101 нафардан ошган. Юртимизга 100 та мамлакатдан 3 минг 423 нафар хорижий делегат ташриф буюриши кутилмоқда. Форумда иштирок этаётган компанияларнинг умумий активлари 42 триллион долларга тенг бўлиб, бу жаҳон ялпи ички маҳсулотининг қарийб 38 фоизини ташкил этади.
Форумда “BlackRock”, “ACWA Power”, “Volkswagen”, “Meta” каби дунёга машҳур компаниялар билан бир қаторда молия, энергетика, машинасозлик, логистика ва технология соҳаларидаги бошқа етакчи халқаро компаниялар раҳбарлари ва вакиллари ҳам иштирок этади.

Бу йил форумга ташриф буюрадиган расмий делегациялар даражаси ҳам анча юқори. Ўтган йили 26 та ҳукумат делегацияси иштирок этган бўлса, бу йил уларнинг сони 62 тага етди. Форумнинг очилиш маросимида 8 та давлат ва ҳукумат раҳбари нутқ сўзлайди.
Шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, БРИКС Янги тараққиёт банки, Европа инвестиция банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки, Осиё инфратузилмавий инвестициялар банки, Евроосиё тараққиёт банки ҳамда ОПЕК жамғармаси раҳбарлари ҳам форумда иштирок этади. Умуман олганда, халқаро ташкилотлар ва банклардан 372 нафар вакил қатнашиши режалаштирилган. Форум дастури ҳам сезиларли даражада кенгайтирилди.
Тадбирлар сони 36 тадан 79 тага етди. Форум доирасида 34 та панель мунозараси, 8 та питч-сессия, шунингдек, АҚШ, Корея, Туркия, Хитой, Озарбайжон, Саудия Арабистони ва Бирлашган Араб Амирликлари билан 7 та йирик бизнес-форум ташкил этилади. Ушбу учрашувларда саноатни ривожлантириш, яшил энергетика, Ўрта йўлак, рақамли бошқарув, сунъий интеллект, ислом молияси ҳамда озиқ-овқат хавфсизлиги каби долзарб мавзулар муҳокама қилинади.
18 июнь куни Хорижий инвесторлар кенгашининг тўртинчи мажлиси бўлиб ўтади. Унда 75 та йирик компания давлатимиз раҳбарига ўз таклифларини тақдим этади.
Тадбир доирасида Ўзбекистон инвестиция салоҳиятининг иккинчи кўргазмаси ҳам ташкил этилади. Унда геология, энергетика, кимё, машинасозлик, енгил саноат, қишлоқ хўжалиги, IT ва сунъий интеллект соҳаларидаги ютуқлар жонли ва интерактив форматда намойиш этилади.
Бу йил яна бир янгилик сифатида нетворкинг тадбирлари расмий учрашувлар билан чекланиб қолмайди. Улар спорт дипломатияси шаклида ҳам давом эттирилади. Инвесторлар Янги Тошкентдаги югуриш йўлакчалари ва теннис кортларида норасмий, дўстона муҳитда мулоқот қилиш имкониятига эга бўлади.
Эътиборлиси, форумни ёритиш учун 41 та мамлакатдан 123 та таҳририят вакили, жами 209 нафар хорижий журналист ташриф буюради. Бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан икки баробар кўп.
Унда миллий оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда “Bloomberg”, “Reuters”, “Nikkei”, “Euronews”, “BBC”, “CGTN”, “TRT”, “Xinhua” ва Independent каби нуфузли халқаро медиатузилмалар вакиллари ҳам фаолият олиб боради.
Таъкидлаш жоизки, уч кунлик учрашувлар натижасида ўн миллиардлаб долларлик янги инвестиция битимлари имзоланиши кутилмоқда.
Форум мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш, халқаро молия институтлари ва йирик компаниялар билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилиб, Ўзбекистон иқтисодиёти учун улкан имкониятлар эшигини очади.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА