«InfoCheck Central Asia» халқаро хакатони бошланди
Пойтахтимизда 9- ва 10-синф ўқувчилари ўртасида Германиянинг Гёте институти билан ҳамкорликда «InfoCheck Central Asia» халқаро хакатонига старт берилди.
Тадбирнинг очилиш маросимида мактабгача ва мактаб таълими вазирининг ўринбосари Азизбек Турдиев ҳамда Гёте институтининг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Барбара Анна Бернсмейер қатнашиб, лойиҳанинг муҳим жиҳатлари борасида сўз юритди.

Таъкидланганидек, замонавий ўқувчининг ҳаётини интернет ва рақамли технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Аммо виртуал оламдаги ҳар бир нотаниш ҳавола ёки хабар маълумотлар хавфсизлигига таҳдид солиши мумкин.
Шу боис ёш авлодни киберхавфсизлик қоидаларига ўргатиш бугун таълим тизимининг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда.
Негаки, киберхавфсизлик қоидаларига амал қилишни ўрганган ёшлар келажакда наинки ўз маълумотларини ҳимоя қилади, балки рақамли жамият тараққиётига ҳам муносиб ҳисса қўшади.

«InfoCheck Central Asia» халқаро хакатонида Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ёшлари ўз лойиҳалари билан иштирок этишмоқда.
3 кун давом этадиган мусобақалар доирасида 4 та йўналишда баҳс олиб борилади. Дезинформация ва фейк контентга қарши ечимлар, шахсий маълумотлар хавфсизлиги ва кибергигиена, кибербуллингнинг олдини олиш, замонавий интерактив таълим контентини яратиш каби йўналишлар шулар жумласидан.
Хакатон якунида 1- ва 2-ўрин ғолиблари Германияда бўлиб ўтадиган нуфузли халқаро фестивалга йўлланма олади. 3-ўрин ғолиблари қимматбаҳо махсус совринлар билан тақдирланади.
Н.Усмонова, ЎзА