Тошкент вилоятининг энг яхши тарбиячилари
Тошкент вилоятида мактабгача таълим тизими педагогларининг касбий салоҳиятини намоён этувчи “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи якунига етди.
Уч кун давом этган танловнинг тест босқичида юқори натижа қайд этган тарбиячилар, директор ўринбосарлари ҳамда туман (шаҳар) мактабгача ва мактаб таълими бўлимларининг бош методистлари иштирок этиб, ўз билим ва тажрибаларини синовдан ўтказди.

Зангиота туманидаги 14-сонли умумтаълим мактабида бўлиб ўтган билимлар синови жараёнлари қизғин ва муросасиз баҳсларга бой бўлди. Шу билан бирга, иштирокчилар замонавий таълим методикалари, инновацион ёндашувлар, болалар билан ишлаш маҳорати ҳамда ижодий лойиҳалари билан ҳакамлар эътиборини қозонди.
Якуний натижаларга кўра, давлат ва нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг энг фаол, ташаббускор ва билимли педагоглари орасидан ғолиблар аниқланди.

Жумладан, “Энг намунали директор ўринбосари” номинациясига Тошкент туманидаги 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти директори ўринбосари Шаҳноза Мирхалилова лойиқ кўрилди. “Энг яхши ўйин орқали таълим берувчи тарбиячи” номинациясида эса Қибрай туманидаги 42-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Сайёра Турсунова муносиб топилди.

“Энг яхши ижодкор-ихтирочи тарбиячи” номинациясида Зангиота туманидаги 20-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Нилуфар Машраббоева, “Энг яхши эко-тарғиботчи тарбиячи” йўналишида Қибрай туманидаги 11-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти тарбиячиси Мафтуна Худойназаровалар ғолиб бўлди.
Шунингдек, қолган бошқа йўналишларда ҳам ғолиблар сараланди ва улар танловнинг республика босқичига йўлланмани қўлга киритди.

Тантанали тақдирлаш маросимида Тошкент вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Шукур Бурхонов иштирок этиб, соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган педагогларни самимий муборакбод этди. Таъкидланганидек, бугунги кунда мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган тарбиячиларнинг билим ва салоҳияти келажак авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади. Шу боис, бундай танловлар педагогларни қўллаб-қувватлаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва соҳада соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилади.

Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.
А.Мусаев, ЎзА