16,5 миллиард сўмлик нореал қарздорлик биллинг тизимидан чиқарилди
Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Андижон вилояти ҳудудий бирлашмаси томонидан аҳолининг ичимлик суви таъминоти соҳасидаги ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган жамоатчилик назорати тадбирлари амалга оширилди.
Мазкур ишлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2002 йил 28 ноябрдаги “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 414-сонли қарори ҳамда Андижон вилояти ҳокимининг 2025 йил 16 январдаги аҳолига хизмат кўрсатиш соҳаларида хизмат сифатини ўрганиш ва жамоатчилик назоратини кучайтиришга бағишланган йиғилишида белгиланган вазифалар асосида ташкил этилди.
Ҳудудий бирлашмага ичимлик суви таъминоти корхонаси томонидан ҳисобланган нореал қарздорликлар юзасидан истеъмолчилардан кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Ушбу мурожаатларни ўрганиш мақсадида бирлашманинг шаҳар ва туман жамиятлари ходимлари томонидан аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар ўтказилиб, абонентларнинг ҳисоб-китоблари хатловдан ўтказилди.
Ўрганишлар жараёнида истеъмолчиларга амалда кўрсатилмаган хизматлар, ҳисоб-китоблардаги тафовутлар ва техник хатолар натижасида шаклланган нореал қарздорликлар аниқланди. Тегишли маълумотлар “Андижон сув таъминоти” акциядорлик жамияти билан ҳамкорликда қайта кўриб чиқилди.
“Аҳоли абонентларини хатловдан ўтказиш натижасида жорий йил 1 июль кунига қадар 16,5 миллиард сўм нореал қарздорлик аниқланиб, биллинг базасидан чиқарилди”, — дейилади “Андижон сув таъминоти” акциядорлик жамияти директори Д. Қўлдашев имзолаган расмий хатда.
Шу тариқа, олиб борилган жамоатчилик назорати ва хатлов ишлари натижасида аҳоли зиммасига асоссиз ҳисобланган 16,5 миллиард сўмлик қарздорлик бекор қилиниб, биллинг тизимидан чиқарилди. Бу эса истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланиши, уларнинг ортиқча молиявий мажбуриятлардан халос этилиши ва коммунал хизматлар соҳасида ҳисоб-китоблар шаффофлигини таъминлашда муҳим амалий натижа бўлди.
Айни пайтда ҳудудларда аҳоли абонентларини хатловдан ўтказиш ишлари давом эттирилмоқда. Аниқланган ҳар бир ҳолат юзасидан истеъмолчиларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, асоссиз ҳисобланган қарздорликларни бартараф этиш ва мурожаатларга амалий ечим топиш чоралари кўрилмоқда.
ЎзА