Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти ИИББ Эксперт-криминалистика хизмати ходимлари ўртасида “Энг яхши эксперт-криминалист” кўрик-танлови ўтказилди. Унда 16 нафар эксперт иштирок этиб, касбий билим ва амалий маҳоратини намойиш этди.
Уч босқичда ўтказилган танловда иштирокчилар қуролларни қисмларга ажратиш ва қайта йиғиш, соҳавий билимлар бўйича тест ҳамда оғзаки савол-жавоб синовларидан ўтди. Якунларга кўра, 3-ўрин лейтенант Низомиддин Зайнобиддиновга, 2-ўрин катта лейтенант Сардор Акромовга насиб этди. 1-ўринни Тошкент вилояти ИИББ Эксперт-криминалистика маркази бош эксперти, майор Ҳамид Раҳимбоев эгаллаб, танловнинг республика босқичига йўлланма олди.
***
Президентимиз раислигида жорий йил 3 сентябрь куни камбағалликни қисқартириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалаларига бағишлаб ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Юқори Чирчиқ тумани ҳокими Ускенбай Атемов Кавардон маҳалласида бўлди.

“Маҳалла еттилиги” иштирокида ҳудудда аҳоли бандлигини таъминлаш, даромад манбаларини кўпайтириш ҳамда ижтимоий муаммоларни бартараф этиш борасида белгиланган вазифалар муҳокама қилиниб, масъулларга тегишли кўрсатма ва топшириқлар берилди. Шунингдек, “маҳалла еттилиги”нинг фаолияти кўриб чиқилиб, аҳоли билан манзилли ишлаш, мавжуд муаммоларни ўз вақтида аниқлаш ва уларга амалий ечим топиш зарурлиги таъкидланди.
Туман ҳокими хонадонларда бўлиб, уларнинг муаммо ва таклифлари тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан масъулларга аниқ вазифалар белгиланди. Бундай очиқ ва манзилли мулоқотлар аҳоли фаровонлигини ошириш, ҳар бир оиланинг муаммосини ўрганиш ҳамда маҳаллаларда ижтимоий-иқтисодий барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.
***
Тошкент вилояти ҳудудий Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан Бўка туманида янгидан барпо этилаётган истироҳат боғи қурилиши объектида навбатдаги ўрганиш ишлари олиб борилди.

Жараёнда мазкур объектнинг пойдевор қисми тасдиқланган лойиҳа ҳужжатларига асосан бажарилмаётгани ҳамда бетон қуйиш ишлари давомида белгиланган техник талаблар бўйича изоляция қилинмагани аниқланди. Барча қоидабузарликлар ва шаҳарсозлик нормаларига зид ҳаракатлар юзасидан инспекция инспекторлари томонидан қатъий чора кўрилиб, сифатсиз бажарилган қисмларни бартараф этиш ва қайта қуриш бўйича кўрсатма берилди.
Инспекция томонидан вилоят миқёсида барча қурилиш-монтаж ишларининг сифати ва лойиҳага сўзсиз риоя этилиши юзасидан назорат тадбирлари қатъий давом этмоқда.
А.Мусаев,ЎзА