Бошоқли дон экиш ишларига старт берилди
Шу кунларда, мамлакатимизда келгуси йил ҳосили учун кузги бошоқли дон экинларини экиш мавсумига қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Бунда ҳудудларда 2027 йил ҳосили учун бошоқли дон экинларини экиш бўйича кўргазмали семинарлар ташкил этилмоқда.
Хусусан, Самарқанд вилояти Пастдарғом туманидаги “Равшан Исматулло Рустам” фермер хўжалиги ва Наманган вилоятининг Чуст туманидаги «Абдулла Рўзиматов» фермер хўжалигида ҳам янги мавсумга бағишланган дастлабки кўргазмали семинар бўлиб ўтди.

Унда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари, соҳага масъул мутахассислар ҳамда тегишли ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Семинар давомида кузги бошоқли дон экинларини агротехник муддатларда экиш, ерга сифатли ишлов бериш, уруғликни тўғри танлаш ва экиш технологиясига риоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда замонавий агротехнологиялардан самарали фойдаланиш бўйича амалий тавсиялар берилди.
Республика бўйлаб бу каби кўргазмали семинарлар бошқа вилоят ва туманларда ҳам босқичма-босқич ўтказилиши кутилмоқда.
Г.Бобоева, ЎзА