Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
Тошкент вилояти ФВББ тизимида хизмат олиб бораётган ҳарбий хизматчилар ўртасида "Маънавият қалқони" Республика китобхонлик танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Тошкент вилояти Кенгаши ва Республика Маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган танловдан кўзланган асосий мақсад ҳарбий хизматчилар ўртасида китобхонлик маданиятини кенг тарғиб этиш орқали уларнинг маънавий-маърифий салоҳиятини юксалтириш, интеллектуал салоҳиятини ривожлантириш ҳамда китобга бўлган қизиқишни янада оширишдан иборат бўлди.

Жараёнда иштирокчилар белгиланган шартлар асосида ўз билим ва салоҳиятларини намоён этиб, мутолаа маданияти борасидаги тайёргарликларини синовдан ўтказди. Якунда энг фаол ва билимдон иштирокчилар аниқланиб, муносиб тақдирланди.
***

Бекобод туманида фермер хўжаликлари раҳбарлари ва соҳа мутасаддилари иштирокида пахта териш машиналарини харид қилиш ишларини жадаллаштириш ҳамда такрорий майдонларга картошка экиш ишларини қисқа муддатларда якунлаш бўйича амалий семинар-учрашувлар ташкил этилди.
Тошкент вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари Х.Қорабоев, вилоят прокурори ўринбосари Б.Йўлдошев ҳамда вилоят ИИББ бошлиғи ўринбосари Н.Хуббинов қатнашган тадбирда соҳада амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилиниб, фермерларни қизиқтираётган долзарб масалалар кўриб чиқилди. Шунингдек, жойларда аниқланган муаммолар ишчи гуруҳ томонидан бевосита ўрганилиб, уларни тезкор бартараф этиш бўйича аниқ вазифалар ва амалий чора-тадбирлар белгиланди.
***

Президентимизнинг топшириқларига мувофиқ электр энергияси ва табиий газ таъминоти барқарорлигини таъминлаш мақсадида Янгийўл туманида ташкил этилган махсус штаб томонидан ҳудудда комплекс ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
Энергетика вазири Шерзод Хўжаев бошчилигидаги ишчи гуруҳ аъзолари томонидан икки ҳафта давомида тумандаги барча 51 та маҳаллада аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг электр энергияси ҳамда табиий газга бўлган эҳтиёжи чуқур таҳлил қилиниши белгиланган.
Навбатдаги ўрганишлар давомида ишчи гуруҳ Гулбаҳор ва Пахта маҳаллаларида бўлиб, электр тармоқлари, трансформатор пунктлари, ҳаво электр узатиш линиялари ҳамда газ таъминоти инфратузилмасининг ҳолатини кўздан кечирди. Шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлар томонидан билдирилган мурожаат ва таклифлар ҳам атрофлича кўриб чиқилди. Аниқланган ҳар бир масала юзасидан масъул ташкилотларга аниқ вазифалар юклатилди. Айни пайтда маҳаллаларда электр тармоқларини модернизация қилиш, эскирган таянчлар ва электр узатиш линияларини янгилаш, қўшимча трансформатор қувватларини ишга тушириш каби ишлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
А. Мусаев, ЎзА