Илк бор бир беморга бир вақтнинг ўзида жигар ва буйрак трансплантацияси бажарилди
Миллий тиббиёт марказида трансплантология йўналишида тарихий аҳамиятга эга бўлган ўта мураккаб ва юқори технологик жарроҳлик амалиёти бажарилди.
Марказ тарихида илк бор бир беморга бир вақтнинг ўзида жигар ва буйрак трансплантацияси (Simultaneous Liver-Kidney Transplantation — SLKT) амалга оширилди. Ушбу амалиёт дунё трансплантологиясида энг мураккаб операциялар қаторига киради.
Маълум қилинишича, 51 ёшли бемор Миллий тиббиёт марказига терминал босқичдаги жигар ва буйрак етишмовчилиги билан мурожаат қилган. Касаллик оқибатида унда қорин бўшлиғида катта ҳажмда суюқлик тўпланиши (ассит), кучли шиш синдроми ва нафас етишмовчилиги ривожланган. Беморнинг оғир аҳволи трансплантологлар, нефрологлар, анестезиолог-реаниматологлар ҳамда бошқа турдош соҳа мутахассислари иштирокидаги консилиумда кенг муҳокама қилиниб, ҳаётий кўрсатмалар асосида бир вақтнинг ўзида икки муҳим аъзони трансплантация қилиш тўғрисида жиддий қарор қабул қилинган.
Ўта масъулиятли ва мураккаб жарроҳлик амалиёти таниқли трансплантолог, тиббиёт фанлари доктори Жасур Собиров бошчилигидаги юқори малакали тиббиёт жамоаси томонидан амалга оширилди.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур тарихий трансплантацияда беморнинг икки нафар меҳрибон синглиси ўз ихтиёри билан донор сифатида иштирок этди. Хусусан, 41 ёшли сингил жигарининг бир қисмини, 28 ёшли сингил эса ўз буйракларидан бирини акасининг ҳаётини сақлаб қолиш учун тақдим этди. Тирик донорлар иштирокидаги бундай қўшма амалиёт донор ва реципиентнинг иммунологик мослигини аниқ баҳолаш, жарроҳлик муолажасини юқори аниқликда бажариш ҳамда реанимацион ва лаборатор хизматларнинг ўта уйғун ва узлуксиз ҳамкорлигини қатъий талаб этади.
Шифокорларнинг сўзларига кўра, жигар ва буйрак трансплантациясини бир вақтнинг ўзида бажариш беморнинг иккита ҳаётий муҳим аъзоси фаолиятини бир йўла тиклаш, ортиқча жарроҳлик сонини қисқартириш ҳамда узоқ муддатли даволаш натижаларини кескин яхшилаш имконини беради.
Моҳигул Қосимова, ЎзА