Тошкент вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
“Навоий” чегара божхона постида йўловчилар ўртасида профилактик тарғибот ишлари кучайтирилди
Тадбирлар давомида йўловчиларга божхона қонунчилиги талаблари тушунтирилиб, таркибида кучли таъсир қилувчи моддалар мавжуд бўлиши мумкин бўлган айрим турдаги маҳсулотларни чегарадан олиб ўтиш тақиқланиши ҳақида маълумотлар етказилмоқда.
Алоҳида эътибор келиб чиқиши номаълум бўлган оздирувчи воситалар ҳамда қаҳва маҳсулотларига қаратилиб, уларнинг таркибида Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги билан муомаласи чекланган моддалар мавжуд бўлиши мумкинлиги бўйича огоҳлантирилмоқда. Фуқароларга бундай маҳсулотларни ноқонуний равишда олиб кириш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши эслатилмоқда.

***
Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, республика бўйича 8 минг нафардан ортиқ етим болалар, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ҳамда Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиш йўлида ҳалок бўлган фидойиларнинг фарзандлари учун омонат ҳисобварақларига 200 АҚШ доллари миқдорида маблағ ўтказиб берилиши белгиланган.
Ана шу эзгу ташаббус доирасида Тошкент вилоятидаги оилавий болалар уйида тарбияланаётган ўғил-қизларга ҳам махсус ваучерлар топширилди. Мулоқотлар давомида болажонларга байрамона кайфият улашилиб, уларга меҳр ва эътибор кўрсатилди.


***
Бугунги кунда қишлоқ хўжалигида экспортбоп мева-сабзавотлар етиштириш давр талабига айланган. Бунга асосий сабаб, мамлакатимизда етиштирилаётган сифатли қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига Қозоғистон, Россия, Беларусь ва Европа давлатларида талаб жуда юқори бўлиб келаётганидир. Ҳозир биргина Паркент туманидан ҳам гилос, ўрик, пиёз ва бошқа турдаги мева-сабзавотларни юқоридаги хорижий давлатларга экспорт қилиш изчил йўлга қўйилган.


Ҳозирги вақтда тумандан ҳар куни 200-300 тоннагача бўлган ҳажмдаги сархил қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари чет эл бозорларига йўналтирилмоқда. Экспорт ҳажмини янада ошириш, тадбиркор ва деҳқонларга қулайликлар яратиш мақсадида Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги ҳудудий бўлими инспекторлари 24/7 режимида узлуксиз фаолият юритиб келмоқда.
А. Мусаев, ЎзА