Ҳудудларда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси ўрганилди
Ҳудудларда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш, экологик муҳитни соғломлаштириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ёшлар учун замонавий имкониятлар яратиш борасидаги ишларни ўрганиш мақсадида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Ботирали Шодиев Навоий вилоятининг Қизилтепа ва Кармана туманларида бўлди.
Ўрганишлар давомида бир қатор маҳаллалар, ижтимоий объектлар, ишлаб чиқариш корхоналари ҳамда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари кўздан кечирилди.

Қизилтепа туманидаги Маликобод маҳалласида жойлашган “Янги Ўзбекистон” массивида қурилган 200 хонадонли кўп қаватли уйлар замонавий қиёфаси ва экологик ёндашуви билан ажралиб туради. Энг эътиборлиси, массив ҳудудининг қарийб 30 фоизи яшил ҳудуд сифатида ташкил этилган бўлиб, бу ерда манзарали дарахтлар, гулзорлар ва дам олиш масканлари барпо этилган. Ҳудуддаги бундай ёндашув аҳолига қулай ва мусаффо экологик муҳит яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Маҳалла ҳудудида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Алишер Навоий боғи” барпо этилган. Йўлнинг икки томонида ташкил этилган ушбу боғ 7 гектар майдонни эгаллаб, ҳудудга 11 минг 200 туп иқлимга мос манзарали дарахт кўчатлари экилган. Кўчатларни парваришлашда замонавий томчилатиб суғориш тизими йўлга қўйилгани экологик самарадорликни янада оширмоқда.
2022 йилдан буён “Маликобод” ва “Қалаиазизон” МФЙ ҳудудида 107 гектар майдонда боғлар ташкил этилган бўлиб, бу борадаги ишлар изчил давом эттирилмоқда. Ушбу лойиҳа нафақат ҳудуд экологиясини яхшилаш, балки чўл ҳудудларда яшиллик майдонларини кенгайтириш орқали иқлим барқарорлигини таъминлашга ҳам хизмат қилмоқда.

Қизилтепа туманидаги ўрганишлар давомида Консурун маҳалласи ҳудудида барпо этилаётган “Чорвачилик микромарказлари комплекси” фаолияти билан ҳам яқиндан танишилди. 30 гектар майдонда ташкил этилаётган мазкур комплексда бугунги кунга қадар 20 та замонавий объект қуриб битказилган бўлиб, келгусида яна янги чорвачилик объектларини барпо этиш режалаштирилган.

Ўрганиш давомида Президентимиз раҳбарлигида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, чорвачилик соҳасини қўллаб-қувватлаш, экспортбоп маҳсулотлар ҳажмини ошириш ҳамда соҳага замонавий технологияларни жорий этиш бўйича белгиланган вазифаларнинг ҳудудлардаги ижроси таҳлил этилди.
Тожикон маҳалласида аҳоли билан учрашув ташкил этилди. Маҳаллада бугунги кунда 2016 нафар аҳоли истиқомат қилиб, деҳқончилик ва чорвачилик билан шуғулланади. Учрашув давомида ёқилғи-энергетика соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишнинг афзалликлари ҳамда солиқ маданиятини ошириш масалалари юзасидан батафсил тушунтиришлар берилди.

Кармана туманида олиб борилган ўрганишлар жараёнида Маданият маҳалласида истиқомат қилувчи аҳоли томонидан ташкил этилган иссиқхона хўжаликлари фаолияти депутат эътибор марказида бўлди. Маҳаллада 400 та иссиқхона мавжуд бўлиб, аҳоли томорқачилик ва тадбиркорлик орқали юқори даромад топмоқда. Бу каби тажрибалар бугунги кунда ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, интенсив қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ҳамда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Бугунги кунда ёшларни спортга жалб қилиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳудудларда замонавий спорт масканларининг барпо этилиши эса ёш авлоднинг баркамол вояга етишида муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.
Тумандаги Жалойир маҳалласида жойлашган спорт майдонида олиб борилган ўрганишларда эса ёшлар учун яратилган имкониятларга алоҳида эътибор қаратилди. Спорт масканида шахмат-шашка хонаси, бокс зали ҳамда бошқа спорт турлари билан шуғулланиш учун зарур шароитлар яратилган.

Депутат томонидан олиб борилган ўрганишлар давомида ҳудудларда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, экологик лойиҳалар, тадбиркорлик ташаббуслари ҳамда аҳоли манфаатларига қаратилган ислоҳотларнинг амалий натижаларига алоҳида эътибор қаратилди.
А.Бўриев, ЎзА мухбири