Тошкент ва Остона: Ўзаро ишонч мустаҳкамланмоқда
Сўнгги ўн йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабати яхши қўшничиликдан Марказий Осиёдаги барқарор стратегик шерикликка айланди. Бу ўзгариш нафақат ўзаро алоқани мустаҳкамлади, балки бутун минтақа интеграцияси янги манзарасини шакллантиришга хизмат қилди.
Бугун икки мамлакат Марказий Осиё ялпи ички маҳсулотининг қарийб 80, аҳолисининг 70 фоизини ташкил этади. Демак, Тошкент ва Остона ҳамкорлиги икки томонлама муносабат доирасидан чиқиб, минтақа иқтисодий ва сиёсий барқарорлигига таъсир этувчи омилга айланган.
Шерикликнинг бугунги даражаси тасодифан шакллангани йўқ. 1998 йил Абадий дўстлик тўғрисидаги шартномадан бошланган жараён стратегик шериклик, кейин эса иттифоқчиликкача изчил ривожланди. 2026 йил ҳолатига кўра, ўзаро муносабат 300 дан зиёд ҳужжат билан ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланган.
Сиёсатшунос Сайфиддин Жўраев фикрича, айни ҳамкорликнинг энг муҳим хусусияти айнан институционал асосдир. Олий давлатлараро кенгаш ташкил этилиши сиёсий мулоқотни доимий механизмга айлантирди. Энди шериклик фақат олий даражадаги учрашувлар билан чекланмай, геология, трансчегаравий сув, ноёб металлар ва ҳудудлараро алоқалар каби аниқ йўналишларда ҳам мувофиқлаштирилмоқда.
Иқтисодий кўрсаткич муносабат сифат жиҳатидан янги босқичга чиққанини кўрсатади: товар айирбошлаш 2016 йил 2 миллиард доллар атрофида эди, 2025 йил қарийб 5 миллиард долларга етди, 2030 йилгача 10 миллиард долларга етказиш вазифаси белгиланган. Мақсадга эришиш учун саноат кооперацияси маркази, қўшма инвестиция платформаси ишга туширилиб, миллиардлаб долларлик лойиҳалар йўлга қўйилмоқда.
Таҳлилда яна бир муҳим жиҳатга эътибор қаратилган. Ҳозирги ўсиш суръати ёмон эмас, барибир умумий ташқи савдодаги улуш ҳамон паст. Демак, натижа салоҳиятнинг бир қисмини акс эттирмоқда. Кейинги босқичда асосий вазифа муносабатни юқори технология, рақамли иқтисодиёт ва саноат кооперацияси орқали янада чуқурлаштиришдир.
Иқтисодиётдан технологиягача
Ўзбекистон – Қозоғистон шериклиги кун тартибига энергетика, сув, транспорт, рақамли иқтисодиёт ва “яшил” тараққиёт каби узоқ муддатли стратегик йўналишлар ҳам чиқмоқда. Бу ҳамкорликни минтақавий интеграциянинг асосий ҳаракатлантирувчи кучига айлантирмоқда.
Масалан, сув дипломатияси соҳасида 2025 йил трансчегаравий объектларни бирга бошқариш тўғрисидаги битим имзоланиши кўп йиллик музокаранинг амалий натижаси сифатида намоён бўлди. Мазкур ҳужжат мавжуд ресурсдан оқилона фойдаланиш, сув-энергетика мувозанатини таъминлаш ҳамда иқлим ўзгариши шароитида умумий ёндашувни кучайтириш учун ҳуқуқий асос яратди.
Транспорт ва логистика йўналишидаги саъй-ҳаракат ҳам интеграция чуқурлашаётганини тасдиқлайди. Темир йўл орқали юк ташиш ҳажмини 60 миллион тоннага етказиш, чегара инфратузилмасини модернизация қилиш ва “E-Permit” тизимини жорий этиш орқали чегарадан ўтиш вақти тўққиз соатдан 30 дақиқага қисқаргани икки давлат учун логистика харажатини кескин камайтирди.
Рақамли технология соҳаси ҳам истиқболли йўналиш. Сунъий интеллект, электрон тижорат, рақамли транзит, молия технологияси ва стартаплар бўйича қўшма ташаббуслар ўзаро муносабатга янги мазмун бағишламоқда. Остонада ўтказилаётган “Келажак ўйинлари” ҳам айни янги технологик кун тартибининг рамзий ифодасидир.
Хуллас, Ўзбекистон ва Қозоғистон муносабати келажаги рақамли трансформация, инновация, қўшма сармоя ва юқори технологияга таянади. Жараён муваффақиятли давом этса, мамлакатларимиз нафақат Марказий Осиё интеграциясининг асосий таянчи, балки Евросиё маконида янги иқтисодий ўсиш нуқтасига айланиши мумкин. Бу эса 2030 йилгача белгиланган мақсадларга эришишнинг муҳим омилидир.
Мусулмон Зиё, ЎзА