Ўзбекистонда рус тилига бўлган талаб ва унинг аҳамияти сақланиб қолмоқда
Рус тили кўп йиллардан буён Ўзбекистоннинг маданий ва маърифий ҳаётида муҳим ўрин тутиб келмоқда. Ҳамюртларимиз бу тилда сўзлашади, мутолаа қилади, таълим олади ва ўзаро мулоқот қилади. Тил ва ахборот соҳасидаги жадал ўзгаришлар шароитида бугунги кунда рус тилининг ўрни қандай ва мамлакатимизда ушбу тилни ривожлантириш учун қандай истиқболлар мавжуд, деган савол долзарб аҳамият касб этади.
Рус тилининг аҳамияти, унинг таълим тизимидаги ўрни, икки мамлакат ўртасидаги гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашда адабиёт ва маданиятнинг роли ҳамда рус тилини ўқитишни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари юзасидан Россия Федерациясининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Алексей Ерхов билан суҳбатлашдик.
— Тил — нафақат инсонлар билан мулоқот қилиш воситаси, балки, энг муҳими, мумтоз адибларимиздан бирининг таъбири билан айтганда, «инсоният яратган барча бойликларни» ўзлаштиришнинг ажойиб ва қудратли қуролидир, — дейди Алексей Ерхов. — Очиғини айтсам, рус тилини бор жозибаси ва улуғворлиги билан ҳис қилиш ҳамда ўрганиш бахтига муяссар бўлганимдан хурсандман. «Жуда осон, ўйнаб-кулиб ўрганганман», деб айта олмайман-у, лекин буни ортиқча машаққатсиз уддалаганман. Балки бунга болалигимда, кечалари кўрпа остида қўлчироқ ёруғида ўқиган юзлаб китобларим сабаб бўлгандир. Ёхуд ирсият ўз сўзини айтгандир — ҳар ҳолда, онам рус тили ва адабиёти ўқитувчиси бўлганлар.
— Баъзан ҳатто дўстларим ҳам бирон-бир сўзни қандай тўғри ёзиш кераклиги борасида иккиланиб қолишса: «Унинг онаси ўқитувчи-ку, у аниқ билади», дея мендан сўрашарди. Дарвоқе, отам маълумоти ва табиатига кўра соф техник соҳа мутахассиси бўлса-да, унинг ҳамкасблари ҳам отам ҳақида худди шундай дейишарди: «Унинг рафиқаси ўқитувчи-ку, у билиши аниқ».
Алексей Ерхов Ўзбекистон таълим тизимида рус тилининг ўрнига алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, мамлакатимизда рус тили ҳамон эҳтиёж юқори бўлган ва кенг тарқалган тиллардан бири бўлиб қолмоқда.
— Ўзбекистонда рус тили аввалгидек керакли ва севимли тил эканини ҳеч иккиланмай айта оламан. Жуда кўпчилик бу тилни билади. Аввало, бу — сифатли таълим, айниқса, аниқ фанлар бўйича дарсликлар ва ўқув дастурлари тилидир. Яна бир муҳим омил — рус тили Россияга кўчиб ўтиш ёки бориб ишлаш учун ҳам жуда зарур. Ҳозир у ерда бир миллионга яқин ўзбекистонликлар истиқомат қилади ва ҳужжатларни расмийлаштириш жараёнида улар, албатта, рус тилини билиш даражаси бўйича синовдан ўтадилар.
Рус тилини ўқитишни қўллаб-қувватлаш борасидаги чора-тадбирлар ҳақида сўз юритар экан, дипломат, биринчи навбатда, ўқитувчиларни тайёрлаш ва уларнинг сонини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
— Бизга, энг аввало, ўқитувчилар, яъни рус тилини чет тили сифатида ўргатадиган ҳамда турли фанлардан рус тилида дарс берадиган ўқитувчилар керак. Ўзбекистонлик ҳамкасбларимиз педагоглар сонини кўпайтириш масаласида бизга бир неча бор мурожаат қилишган. Жорий ўқув йилида мавжуд дастурлар доирасида уларнинг сонини тахминан 200 нафарга етказишга эришдик, аммо бу ҳали етарли эмас. Янада кўпроқ ўқитувчиларга эҳтиёж бор ва биз бу йўналишдаги ишларни давом эттирамиз.
Элчининг фикрича, рус тилига бўлган қизиқишни сақлаб қолишда маданий ҳамкорлик муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистонда ўтказиладиган Россия санъаткорларининг концертлари, театр томошалари ва маданий фестиваллар кўплаб томошабинларни ўзига жалб этмоқда.
— Маданият ва санъат аллақачон халқларни бирлаштирувчи олтин кўприкка айланиб улгурган ва келажакда ҳам шундай бўлиб қолади, деб ўйлайман. Бунга талаб бениҳоя катта. Юртингизда россиялик ижрочилар иштирокида ўтадиган концертлар, театр томошалари ва маданий фестивалларда заллар ҳамиша гавжум бўлади. Бу эса, ўз навбатида, ўзаро маданий-гуманитар ришталаримиз қанчалик мустаҳкам эканининг ёрқин ифодасидир.
Азиза Алимова, ЎзА