Тошкент туманида сертификатсиз дори воситалари аниқланди
Тошкент вилояти божхона бошқармаси Шахсий хавфсизлик тезкор ходимлари томонидан Контрабандага қарши курашиш бўлими ҳамда ДХХ Тошкент вилояти бошқармаси ходимлари билан ҳамкорликда Тошкент тумани ҳудудида тезкор тадбир ўтказилди.
Тезкор тадбир давомида Тошкент туманидаги “Бунёдкор” МФЙ ҳудудида жойлашган хонадон белгиланган тартибда, холислар ва тадбир иштирокчилари иштирокида кўздан кечирилди.
Кўздан кечириш жараёнида хонадоннинг ертўласидан 25 турдаги жами 1 минг 913 дона дори воситалари ҳамда биологик фаол қўшимчалар аниқланди. Маълум қилинишича, мазкур дори воситалари тиббий сертификатларга эга бўлмаган. Шу боис маҳсулотлар тезкор тадбир давомида ашёвий далил сифатида олинди.
Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, аниқланган маҳсулотларнинг умумий қиймати қарийб 400 миллион сўмни ташкил этади.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан қонунбузарга нисбатан божхона органлари томонидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА