Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли ҳудудларда иқтисодий фаолликни янги босқичга кўтаради
Президент Шавкат Мирзиёев Ўрта Чирчиқ туманида Тошкент – Самарқанд йўналишидаги пуллик муқобил автомобиль йўли қурилишига тамал тоши қўйиш маросимида иштирок этди.
Тошкент – Самарқанд янги автомобиль йўли ҳудудларда иқтисодий фаолликни янги босқичга кўтаради. Жаҳон банки таҳлилига кўра, бундай лойиҳаларга сарфланган ҳар бир доллар инвестиция иқтисодиётга 5 баробаргача қайтади.
Янги магистраль Тошкент шаҳри, Сирдарё, Жиззах ва Самарқанд вилоятлари ялпи ҳудудий маҳсулотининг 3 фоизга кўпайишига туртки беради. Йўл ўтадиган аҳолиси 2 миллиондан зиёд 13 та туман учун минглаб иш ўринлари ва янги даромад манбалари пайдо бўлади.
Йўл бўйида логистика марказлари, омборлар, саноат ва агросаноат корхоналари, савдо-сервис, меҳмонхона ва туризм объектлари барпо этилади. Қурилишда маҳаллий хизматлар ва қурилиш материалларидан кенг фойдаланиш тадбиркорлар учун йирик буюртмалар ва янги ишлаб чиқариш қувватларини яратади.
Давлатимиз раҳбари Хива – Урганч йўли қурилиши бошлангани, Тошкент – Андижон йўли бўйича халқаро тендер якунланиш арафасида экани, Тошкентни Бўстонлиқ билан боғлайдиган йўлни лойиҳалаш ишлари якунига етказилаётганини қайд этди.
– Биз бугун Ватанимиз мустақиллигининг ўттиз беш йиллик тўйи арафасида мамлакатимиз келажаги, иқтисодий барқарорлиги ва халқимиз фаровонлиги учун яна бир мустаҳкам пойдевор қўймоқдамиз, – деди Президентимиз ва капсула қўйиб, янги автомагистраль қурилишини бошлаб берди.
ЎзА