Муҳаммад Хоразмий назарий асос солган алгоритмлар бугун глобал иқтисодиёт ўзаги ва инсонлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди
Президент Шавкат Мирзиёев Нурафшон шаҳрида Келажак технологиялари марказига тамал тоши қўйиш ва бошқа янги лойиҳаларни бошлаш маросимида иштирок этмоқда.
Давлатимиз раҳбари инсоният тараққиётининг ҳар бир босқичи фундаментал кашфиётлар билан боғлиқ эканини таъкидлади. Буюк аждодимиз Муҳаммад Хоразмий назарий асос солган алгоритмлар бугун глобал иқтисодиёт ўзаги ва инсонлар кундалик ҳаётининг ажралмас қисмига айланди.
Ҳозирги дунёда рақобат йиллар ёки ойлар билан эмас, балки дақиқалар ва сониялар билан ўлчанмоқда. Рақамлаштиришни ортга сурган, сунъий интеллектни ўзлаштирмаган ва инновацияларга сармоя киритмаган давлатлар глобал ривожланишдан орқада қолиши қайд этилди.
– Ҳаётимизнинг барча жабҳаларини рақамлаштириш билан жиддий шуғулланмасдан туриб, ривожланиш мумкин эмас. Бусиз келажагимиз йўқлигини барчамиз теран англашимиз керак, – деди Президент.
Жорий йилнинг ўзида Ўзбекистонда венчур инвестициялар ҳажми 5 баробар кўпайди, миллий стартап экотизими қарийб 4,5 миллиард долларга етди. Инновацион ғояларни рағбатлантириш мақсадида мукофот жамғармаси 5 миллион доллар бўлган Президент стартап танловига старт берилди.
ЎзА