Тошкент маҳаллаларини ривожлантиришда янгича ёндашувлар қўлланилади
Пойтахтимизда Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов бошчилигида маҳаллаларни ривожлантириш ва “маҳалла еттилиги” фаолиятининг янги тамойилларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
5 мингдан ортиқ иштирокчи қатнашган учрашувда маҳаллани ҳудудий ривожланишнинг тўлақонли марказига айлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Қайд этилганидек, эндиликда давлатимиз раҳбарининг 2026 йил 24 июндаги “Маҳаллаларда бошқарувни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида маҳалла фаолиятини ривожлантиришда янгича ёндашув жорий этилади. Ҳужжат маҳалла ролини кучайтириш, унинг ходимлари масъулиятини ошириш ва аҳоли муаммоларини жойида ҳал қилишга қаратилган.

Фармонга кўра, ҳар бир маҳалладаги ишлар аниқ вазиятни ўрганиш асосида ташкил этилиши керак. Яъни, ҳудудда қанча аҳоли яшаши, қайси оилалар ёрдамга муҳтожлиги, иш ўринлари етишмаётгани, қандай ижтимоий муаммолар мавжудлиги, нималарни ободонлаштириш ва қандай лойиҳаларни амалга ошириш мумкинлиги таҳлил қилинади. Бу алоҳида мурожаатларни кўриб чиқишдан ҳудудни тизимли ривожлантиришга ўтишни англатади.
Шунингдек, ҳар бир маҳалла учун асосий муаммолар, имкониятлар ва устувор лойиҳалар белгиланади. Жумладан, йўлларни таъмирлаш, кўча ёритилишини яхшилаш, янги иш ўринлари яратиш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳовлиларни ободонлаштириш, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, ёшлар билан ишлаш каби йўналишлар кучайтирилади.

Бунда қанча маблағ кераклиги, уни қаердан жалб қилиш мумкинлиги, вазифа учун ким масъул экани ва қандай натижага эришиш лозимлиги аниқ кўрсатилиши керак.
Тақдимот давомида Чилонзор туманидаги Новза маҳалласи мисолида иштирокчиларга “маҳалла еттилиги” фаолияти туманнинг бизнес-режаси ҳамда ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг умумий вазифалари билан қандай боғланиши кераклиги кўрсатиб берилди.
Жамоаларда ишлаш орқали иштирокчилар аниқ ҳолатларни таҳлил қилди, маҳалланинг муаммолари ва ресурсларини аниқлади, амалий ечимларни таклиф этди.

Янги тизимда маҳалла раиси, ҳоким ёрдамчиси, хотин-қизлар фаоли, ёшлар етакчиси, профилактика инспектори, ижтимоий ходим ва солиқ инспекторидан иборат “маҳалла еттилиги”га алоҳида ўрин ажратилган. Шунингдек, маҳалла фаолиятида маҳалла банкирлари ҳам иштирок этади.
Ҳар ким ўз йўналиши учун жавобгар, бироқ улар ягона жамоа бўлиб ишлашлари шарт. Масалан, ишсизлик муаммосини фақат бир мутахассиснинг кучи билан ҳал қилиб бўлмайди. Бунинг учун касбга ўқитиш, кредит олишга ёрдам бериш, ижтимоий кўмакни расмийлаштириш, бизнес очишга кўмаклашиш ёки муносиб иш берувчи топиш талаб этилиши мумкин.
Шу боис, янги ёндашувнинг асосий вазифаларидан бири шундаки, фуқаро турли ташкилотларга мурожаат қилиб, ҳар сафар ўз муаммосини қайтадан тушунтириб ўтирмаслиги учун барча масъул ходимлар ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш.
“Маҳалла еттилиги”нинг фаолияти ўтказилган йиғилишлар ва тайёрланган ҳисоботлар сони билан эмас, балки аниқ натижалар: аҳоли даромадларининг ўсиши, иш ўринларининг яратилиши, камбағалликнинг қисқариши, жиноятчиликнинг камайиши, ижтимоий масалаларнинг ҳал этилиши ва турмуш шароитларининг яхшиланиши билан баҳоланади.
Аҳоли ўз маҳалласи иқтисодиётини тушуниши, режалаштирилган лойиҳалар, уларни молиялаштириш манбалари ва амалга оширилиш жараёни ҳақида маълумот олиши, шунингдек, ўз ташаббусларини илгари суриш ҳамда ҳудудни ривожлантириш режаларининг муҳокамасида иштирок этиш имкониятига эга бўлиши лозим.
Асосий мақсад — ҳар бир маҳалланинг ривожланишини одамларнинг реал эҳтиёжларига асосланган, тушунарли ва изчил жараёнга айлантириш.
Тадбир доирасида “маҳалла еттилиги”нинг барча аъзолари учун махсус ўқув тизими ҳам тақдим этилди. Улар режалаштириш, жамоада ишлаш, давлат органлари билан ҳамкорлик қилиш ва эришилган натижаларни баҳолашнинг янги усулларини ўзлаштиришлари керак бўлади.
Янги ёндашув маҳаллаларга мавжуд муаммоларни тезроқ аниқлаш, бор ресурслардан самаралироқ фойдаланиш ва аҳоли ўз кундалик ҳаётида кўра оладиган аниқ ўзгаришларга эришишга ёрдам бериши кутилмоқда.
Гулноза Бобоева,
ЎзА