"Зарбдор тажрибаси" Юқори Чирчиқ қиёфасини ўзгартирмоқда
Тошкент вилоятида аҳоли учун қулай ва замонавий жамоат масканларини барпо этиш, ҳудудларни ободонлаштириш ҳамда туризм салоҳиятини оширишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Бу борада Юқори Чирчиқ туманида амалга оширилган лойиҳалар билан журналистлар учун ташкил этилган пресс-тур доирасида танишилди.
Дастлабки манзил туман марказида янгидан обод этилган “Мустақиллик майдони” бўлди. Бу ерда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари натижасида аҳолининг мазмунли ҳордиқ чиқариши, оммавий тадбирларни ўтказиши ва дам олиши учун замонавий инфратузилма яратилган.

Айниқса, бу жой тунги ёруғликлар бағрида янада кўркам ва файзли қиёфа касб этади. Майдондаги ранг-баранг чироқлар, мусиқа садолари остида жилваланиб турган фавворалар ташриф буюрувчиларга ўзига хос кайфият бағишламоқда. Аркалардаги чироқлар ва баланд ҳилпираб турган Давлат байроғимиз эса бу масканга янада улуғвор кўриниш бағишлаб турибди. Шу билан бирга, майдонга туташ жойлашган “Абу Ҳанифа” масжиди ҳам тунги ёритиш тизими билан янада салобатли ва кўркам намоён бўлмоқда.

Бепул Wi-Fi зонаси ҳудудида эса ёшлар ва фуқаролар интернет хизматларидан эркин фойдаланиб, мазмунли ҳордиқ чиқармоқда. Болаларнинг қувончли кулгиси, оилаларнинг суҳбатлари ва сокин муҳит марказга янада илиқ файз бағишламоқда. Умуман олганда, Мустақиллик майдони бугунги кунда аҳоли учун энг севимли дам олиш масканларидан бирига айланиб, ўзининг бетакрор гўзаллиги ва замонавий қиёфаси билан барчани мафтун этмоқда.

Шундан сўнг ОАВ вакиллари Қорасув дарёси устида “Зарбдор тажрибаси” асосида қурилган пиёдалар кўприги ва қарийб 5 километрлик пиёдалар йўлаги билан танишди. Лойиҳа аҳолининг хавфсиз ҳаракатланишини таъминлаш, соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш ҳамда дарё соҳилининг экологик ва эстетик қиёфасини яхшилашга хизмат қилмоқда.
Мазкур ишлар Президентининг 2024 йил 20 декабрдаги “Ҳудудларда юқори иқтисодий ўсиш ва аҳоли бандлигини таъминлашнинг янги тизимини йўлга қўйиш ҳамда бу борада маҳаллий ҳокимликларнинг роли ва масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони ижроси доирасида амалга оширилмоқда. Жорий йилда туманда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришга қаратилган “драйвер” лойиҳаси шакллантирилди. Хусусан, “Маърифат” маҳалласидаги Соҳил бўйи кўчасида 2,10 гектар майдонда “Соҳил бўйи” дам олиш маскани барпо этилди. Бу саъй-ҳаракатлар учун давлат бюджети ҳисобидан 4 миллиард 940 миллион сўм маблағ ажратилди.

– Ҳудудимиздаги бу каби ўзгаришлардан жуда хурсандмиз, – дейди туманда яшовчи фуқаро Сурайё Ҳасанова. – Фарзандларимизни сайрга олиб чиқамиз. Авваллари бу жойлар бироз қаровсиз эди. Бу каби қулайликлар туфайли туман марказида ҳаракатланиш янада яхшиланди.
Пресс-турнинг кейинги манзили қайта реконструкция қилинган Алишер Навоий хиёбони бўлди. Бу ерда замонавий ландшафт ечимлари асосида яшил ҳудудлар кенгайтирилиб, сайр йўлаклари, дам олиш масканлари ва бошқа зарур инфратузилма объектлари барпо этилган. Шунингдек, иштирокчилар Бўзсув дарёси соҳилида ташкил этилган “Маънавият хиёбони”, “Ёшлар боғи” ва “Нуронийлар боғи” фаолияти билан танишди. Бу жойларда ҳозир миллий қадриятлар ва замонавий шаҳарсозлик ечимлари уйғунлашган бўлиб, серсоя сайр йўлаклари, саломатлик йўлаклари, гулзорлар, болалар майдончалари, амфитеатр, савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари барпо этилган.

– Мазкур бунёдкорлик ишлари туфайли аввалгига қараганда ҳозир бу масканларда ҳордиқ чиқарувчилар сони ортган, – дейди Юқори Чирчиқ тумани ҳокими ўринбосари Абдурашид Қорабоев. – Туманимиз марказидан 20 километр узоқликда жойлашган Жумабозор маҳалласида ҳам худди шу каби лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Бунинг учун дастлабки ҳисоб-китобларимизга кўра, 9 миллиард сўм маблағ сарфланиши кутиляпти.
Пресс-тур якунида журналистларга туманда амалга оширилаётган қурилиш ва ободонлаштириш ишлари, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштириш, аҳоли учун яратилаётган янги имкониятлар юзасидан маълумот берилди. Таъкидланганидек, амалга оширилаётган бундай лойиҳалар ҳудудларни комплекс ривожлантириш, аҳоли турмуш сифатини ошириш ва замонавий яшаш муҳитини шакллантиришга хизмат қилмоқда.
А.Мусаев, ЎзА.