Тошкент куз-қиш мавсумига тайёр
Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш, коммунал хизматлар узлуксиз ишлаши ва фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш — куз-қиш мавсумига тайёргарликнинг асосий вазифаларидир.
Шунга кўра, Тошкент шаҳар ҳокимлигида, барча шаҳар ва туман тузилмаларини жалб қилган ҳолда, 2026–2027-йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик даражасини баҳолашга қаратилган махсус-тактик ўқув машқлари ўтказилди.

Машғулотларга Тошкент шаҳар ҳокимининг ўринбосари Обид Мўминов ва Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси бошлиғи Мухтор Мухтидинов раҳбарлик қилди. Машғулотларда шаҳар масъул ташкилотлари ва хизматлари иштирок этиб, мавсум давомида юзага келиши мумкин бўлган фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш, коммунал тармоқлардаги носозликларни тезкор бартараф этиш ҳамда аҳоли ва ижтимоий соҳа объектларига хизматларни узлуксиз кўрсатиш бўйича тайёргарлигини намойиш этди.

Ўқув машқлари давомида махсус техника ва асбоб-ускуналарнинг шайлиги, моддий-техник захиралар ҳолати ҳамда масъул хизматлар ўртасидаги ҳамкорлик даражаси баҳоланди.
Қиш мавсумида юзага келиши мумкин бўлган ноқулай об-ҳаво шароитларида тезкор ва самарали ишларни ташкил этиш мақсадида қуйидаги техникалар шай ҳолатга келтирилган:

Жумладан, 53 та экскаватор-юклагач, 275 та авария-тиклаш бригадаси, 54 та автокран, 56 та самосвал, 41 та сув тортувчи насос, 452 та бошқа турдаги махсус техникалар тайёрланди.

Кўрик давомида техникаларнинг созлиги, тўлиқ жиҳозлангани ва фавқулодда вазиятларда узлуксиз ишлашга тайёрлиги баҳоланди. Шунингдек, совуқ об-ҳаво шароитида пойтахт бўйлаб хизматга жалб этиладиган куч ва воситалар тақсимоти ўрганилди.
Гулноза Бобоева,ЎзА