Тўртинчи миллий дастур ва партия фаолиятига оид вазифалар белгилаб олинди
Президентимизнинг Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги тантаналаридаги нутқида илгари сурилган муҳим ташаббус ва таклифлар, устувор вазифалар мамлакатимизнинг келгусидаги янги тараққиётига, ривожланиш босқичларига замин бўлади. Шу боис, мазкур нутқ мазмун-моҳиятини теран англаш, ундаги вазифалар ижросини самарали таъминлаш мақсадида ташкилот ва идораларда, муассасаларда тарғибот-тушунтириш ишлари олиб борилмоқда, нутқдан келиб чиқувчи вазифалар белгилаб олинмоқда.
Ўзбекистон Экологик партияси Марказий Кенгашида ҳам партия раҳбари Абдушукур Ҳамзаев иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди.
Унда партия фаолиятини янада ривожлантириш, мурожаатлар билан ишлаш самарадорлиги ва таъсирчанлигини ошириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини қўллаб-қувватлаш, ёшларни партиявий жараёнларга кенг жалб этиш ҳамда экологик ташаббусларни изчил кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги тантаналаридаги нутқида илгари сурилган еттида миллий дастур, айниқса, сув ва экология масалаларига бағишланган тўртинчи миллий дастур ҳамда "Яшил макон" умуммиллий ҳаракатини янги сифат босқичига олиб чиқиш борасидаги устувор вазифаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув тежовчи технологияларни кенг жорий этиш, экологик барқарорликни таъминлашга қаратилган тўртинчи миллий дастур доирасидаги саъй-ҳаракатларда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари фаоллик кўрсатиши, янги ташаббусларни илгари суриши лозимлиги таъкидланди.

Йиғилишда партия ташкилотлари томонидан ўтказиладиган экологик акцияларда жамоатчилик назоратини самарали йўлга қўйиш, амалга оширилаётган ишлар сифатини мунтазам ўрганиш ва уларнинг натижадорлигини таъминлаш бўйича ҳар бир ходимга аниқ ва масъулиятли топшириқлар берилди.
Йиғилиш якунида тўртинчи миллий дастур доирасидаги вазифаларни сифатли ва ўз вақтида амалга ошириш, партиянинг жойлардаги фаолиятини янада жонлантириш, аҳоли билан мулоқотни кучайтириш ҳамда экологик ташаббусларни кенг жамоатчилик ҳаракатига айлантириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА