Ислоҳотлар ва келгуси вазифалар муҳокама қилинди
Мустақилликнинг 35 йиллиги муносабати билан Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тантанали маросимдаги нутқида илгари сурилган ғоялар, юртимиз тараққиётининг устувор йўналишлари ва келгуси вазифаларни кенг жамоатчиликка етказишга бағишланган ўқув семинари бўлиб ўтди.
Тадбир Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда вазирлик марказий аппарати, ҳудудий бўлинмалари, тизимдаги корхона ва ташкилотлар раҳбар ва ходимлари, шунингдек, талабалар иштирок этди.

Семинар Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларни акс эттирувчи видеоролик намойиши билан бошланди. Шундан сўнг «Маърифат» тарғиботчилар жамияти аъзолари мамлакатимизнинг бугунги тараққиёти ва келажак мақсадларига бағишланган учта муҳим мавзу бўйича маърузалар қилди.
Тарих фанлари доктори, профессор Файзулла Эрназаров «Уч минг йиллик илдиз ва Учинчи Ренессанс: тарихий ворислик, миллий ўзлик ва маънавий мерос» мавзусида сўз юритар экан, халқимизнинг минг йиллик тарихига, буюк давлатчилик ва маданий анъаналарига тўхталди.

Унинг таъкидлашича, ўз тарихини англаш инсон қалбида Ватанга муҳаббат, миллий ғурур ва келажакка ишончни мустаҳкамлайди. Бироқ ғурур билан бирга масъулият ҳам бўлиши керак. Хоразмий, Беруний ва Ибн Сино каби буюк алломаларнинг илмий мероси бизга фақат аждодлар билан фахрланиш эмас, балки уларга муносиб бўлиш, илм-фан тараққиётига янги ҳисса қўшиш вазифасини ҳам юклайди.
Адабиётшунос, филология фанлари номзоди, доцент Раҳмон Қўчқор «Инсон қадри — 35 йиллик ислоҳотларнинг ўлчови: эркинлик, билим, соғлиқ ва ёшлар» мавзусидаги маърузасида мустақиллик йилларида инсон манфаатларини таъминлаш борасида амалга оширилган ишлар ҳақида фикр билдирди.
Семинар давомида Президент нутқида белгиланган мақсад ва вазифаларни чуқур ўрганиш, уларнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка содда ва тушунарли тарзда етказиш, энг муҳими, юрт тараққиётида ҳар бир фуқаронинг фаол иштирокини таъминлаш муҳимлиги таъкидланди.
Тадбир якунида иштирокчилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилиб, фаол қатнашчилар турли совғалар билан тақдирланди.
Семинар «Ўзбек келаётир» видеоклипи намойиши билан якунланди.
Нигора Раҳмонова, ЎзА