Тўрт йиллик фаолият сарҳисоби ва қабул режалари
Урганч давлат педагогика институтининг 4 йиллик фаолияти якунлари ҳамда 2026-2027 ўқув йили қабул жараёнларига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда институт раҳбарияти, 40 дан ортиқ оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналистлар ҳамда блогерлар иштирок этди.
Тадбирда институт ректори вазифасини бажарувчиси Диёржон Абдуллаев ўтган давр мобайнида илмий, ўқув, маънавий-маърифий ҳамда молия-хўжалик йўналишларида амалга оширилган қатор йирик лойиҳалар ҳақида маълумот берди.
– Олий таълим муассасамиз 2022 йил 21 июнь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг қарори билан ташкил этилган бўлиб, бугун ўзининг 4 йиллик фаолиятини нишонламоқда, – дейди Диёржон Абдуллаев. – Ҳозирда УрДПИда 5 факультет: Педагогика, Аниқ ва табиий фанлар, Филология, Ижтимоий ва амалий фанлар ҳамда Бошланғич таълим факультетларида 9000 га яқин талаба таҳсил олмоқда. Шунингдек, 15 та кафедрада жами 205 нафар профессор-ўқитувчи фаолият кўрсатиб, улардан 86 нафари илмий даража, 45 нафари профессор ва доцент илмий унвонига эга. Институтда ҳозирги кунда 19 та таълим йўналиши ва 16 та магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда. Илмий даражалар берувчи илмий кенгаш фаолияти ҳам йўлга қўйилган.
Анжуманда институтнинг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори Умаржон Хўжамуратов ҳамда 2026-2027 ўқув йили “Қабул комиссияси” масъул котиби Санъат Худайберганов ҳам иштирок этиб, оммавий ахборот воситалари вакиллари, журналист ва блогерлар томонидан истиқболдаги режалар ҳамда янги ўқув йили учун қабул жараёнларига оид саволларга батафсил жавоб берди.
Матбуот анжумани якунида 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни муносабати билан Урганч давлат педагогика институти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келаётган бир гуруҳ ОАВ вакилларига ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.
Аҳмаджон Шокиров, Беҳзод Саидов (сурат), ЎзА мухбирлари