Янги боғча фаолиятидан аҳоли мамнун
Зангиота туманида 150 ўринли замонавий давлат мактабгача таълим ташкилотининг тантанали очилиш маросими ўтказилди.
Унда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, туман ҳокими Эркин Рустамов, соҳа мутасаддилари, маҳалла фаоллари, нуронийлар, ота-оналар иштирок этди.

Янги боғча Туропобод маҳалласида жойлашган бўлиб, бюджет маблағлари ҳисобидан қарийб 3 миллиард 900 миллион сўм эвазига бунёд этилди. Замонавий лойиҳа асосида қурилган таълим маскани 150 нафар болани қамраб олиш имкониятига эга. Маълумки, ушбу ҳудуддаги 1965 йилда қурилган 29-сонли давлат мактабгача таълим ташкилоти биноси авария ҳолатига келгани сабабли фаолияти тўхтатилган эди. Эндиликда унинг ўрнида барча замонавий талабларга жавоб берадиган янги боғча фойдаланишга топширилиб, болажонлар учун қулай ва хавфсиз таълим муҳити яратилди.
Тадбир меҳмонлари янги бинода яратилган шароитлар, ёруғ ва шинам гуруҳ хоналари, мусиқа ҳамда спорт заллари, замонавий ошхона, ўйин майдончалари ва тарбияланувчиларнинг ҳар томонлама ривожланишига хизмат қиладиган имкониятлар билан танишди.
Мазкур лойиҳа Зангиота туманида мактабгача таълим қамровини кенгайтириш, болаларга сифатли таълим-тарбия бериш ҳамда ҳудудларда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишларининг навбатдаги амалий натижаси бўлди.
А.Мусаев, ЎзА