Тўқсонбости экинларни кенгайтириш муҳокама қилинди
Айни пайтда тўқсонбости экинларни экиш мавсуми. Тўқсонбости экинлар кеч кузда экилиб, қишни тупроқда ўтказадиган ва эрта баҳорда униб чиқадиган экинлардир. Ушбу турдаги экинлар эрта баҳорда намликдан самарали фойдаланиб, эртароқ ҳосил бериши билан муҳим ҳисобланади. Шу боис, айни мавсумда тўқсонбости экинларни кенгайтириш, ердан унумли фойдаланиш чораларини кўриш долзарб аҳамиятга эга.
ЎзЛиДеП Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси раиси Актам Ҳаитов Урганч туманидаги Ғайбу қишлоғида партия электорати бўлган фермерлар ва томорқа ер эгалари билан учрашди. Мулоқотда ердан самарали фойдаланиш, тўқсонбости экинларни кенгайтириш ва аҳоли даромадларини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашув доирасида тўқсонбости экинларни етиштириш бўйича амалий семинар ҳам ташкил этилди. Унда экинларни тўғри жойлаштириш, ҳудуд шароитига мос навларни танлаш, сувдан тежамкор фойдаланиш ва агротехник тадбирларни сифатли ташкил этиш бўйича тажриба алмашилди.
Қайд этилганидек, Хоразм вилоятида 2027 йил ҳосили учун 31,9 минг гектар майдонда тўқсонбости экинларини жойлаштириш режалаштирилган. Бу орқали 312 минг тонна пиёз ва 69 минг тонна саримсоқ етиштириш, ҳосилнинг қарийб 298 минг тоннасини ички бозорга етказиб бериш кўзда тутилмоқда.
Учрашув давомида 1,8 гектар ер майдонининг 30 сотихида тўқсонбости экинларини етиштириб, йилига қарийб 200 миллион сўм даромад олаётган деҳқоннинг тажрибаси алоҳида эътироф этилди. Тўқсонбости экинларини кенгайтириш, ердан унумли фойдаланиш ва деҳқонлар даромадини ошириш бўйича амалий вазифалар белгилаб олинди.
М.Комилова,
ЎзА