Бухоро далаларида янги имкониятлар пайдо бўлади
Бугун дунёда инвестиция учун кураш тобора кучайиб, ҳар бир ҳудуд ўзининг табиий ва иқтисодий салоҳияти билан бир қаторда, замонавий технологияларни қабул қилиш қобилияти, инвестор учун яратилган муҳит ва аниқ натижа берадиган лойиҳалари билан ҳам баҳоланмоқда. Айниқса, сув тақчиллиги, энергетика барқарорлиги, қишлоқ хўжалиги самарадорлиги каби масалалар долзарб тус олган бир шароитда янги технологияларни жалб этиш ҳаётий заруратга айланмоқда.
Ўзбекистонда кейинги йилларда айнан шу мақсадга қаратилган ислоҳотлар изчил давом эттирилмоқда. Давлат раҳбари ташаббуси билан мамлакатда инвестиция муҳитини янада яхшилаш, хорижий сармояни фаол жалб этиш, ишлаб чиқаришга илғор технологияларни олиб кириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва қишлоқ хўжалигида юқори самарадорликка эришишга устувор аҳамият берилмоқда. Бухоро вилоятидаги сўнгги мулоқотлардан бири ана шу кенг кўламли сиёсатнинг амалий ифодаси бўлди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Мисрнинг йирик ва нуфузли компанияларидан бири — “Elsewedy” вакиллари билан учрашиб, ҳудудда янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув аввалида Бухоро вилоятининг инвестиция салоҳияти, хорижий инвесторлар учун яратилаётган қулай шарт-шароитлар, замонавий технологияларни жалб этиш, саноат ва инфратузилмани ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Бугун Бухоро нафақат бой тарих ва сайёҳлик салоҳияти билан, балки саноат, энергетика, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги ва инфратузилма соҳаларидаги улкан имкониятлари билан ҳам хорижий инвесторлар эътиборини тортмоқда.

Айниқса, сув ресурсларидан самарали фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, энергия таъминотини мустаҳкамлаш ва замонавий муҳандислик инфратузилмасини яратиш бўйича ҳудудда катта эҳтиёж ва имконият мавжуд. Мисрлик инвесторларнинг қизиқиши ҳам айнан шу йўналишларга қаратилгани бежиз эмас.
Мисрда ташкил этилган “Elsewedy” компанияси 85 йилдан ортиқ тарихга эга бўлиб, энергетика, электротехника, муҳандислик-қурилиш, инфратузилма, сув хўжалиги ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида йирик лойиҳаларни амалга ошириб келаётган халқаро компания ҳисобланади. Шу жиҳатдан қараганда, мазкур компания билан ҳамкорлик Бухоро учун оддий инвестиция келишувидан кўра кенгроқ мазмун касб этиши мумкин. Чунки гап фақат маблағ жалб этиш ҳақида эмас. Бу ерда замонавий технология, янги иш усуллари, халқаро тажриба, муҳандислик ечимлари ва маҳаллий салоҳиятни бир нуқтада бирлаштириш имконияти ҳақида сўз бормоқда.
Компания вакиллари Бухоро вилоятида, хусусан, қишлоқ хўжалиги ерларини ўзлаштириш ва уларнинг унумдорлигини ошириш, замонавий суғориш технологияларини жорий этиш, сув таъминоти инфратузилмасини ривожлантириш, насос станциялари ва қудуқлар барпо этиш, электр таъминоти ҳамда йўл инфратузилмасини ташкил этиш йўналишларида ҳамкорлик қилишга қизиқиш билдирди.
Учрашувда “Elsewedy” компаниясининг марказий айланма — pivot суғориш тизимлари бўйича тажрибаси алоҳида эътибор марказида бўлди. Компаниянинг ушбу турдаги суғориш ускуналарини ишлаб чиқариш қуввати йилига 20 минг донага етиши қайд этилди. Бу рақамнинг ўзиёқ замонавий суғориш технологиялари қанчалик катта кўламда йўлга қўйилганини англатади.

Бугун қишлоқ хўжалигида асосий масала фақат кўпроқ ерга экин экиш эмас. Энг муҳими — мавжуд ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиб, кам харажат эвазига юқори ҳосилдорликка эришишдир. Шу нуқтаи назардан, сувни тежайдиган ва экин майдонларини самарали суғориш имконини берадиган замонавий тизимларни Бухоро шароитига мослаштириш муҳим аҳамият касб этади. Агар бу технологиялар кенг жорий этилса, сув сарфининг камайиши, меҳнат унумдорлигининг ошиши, ҳосилдорликнинг кўпайиши ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари таннархининг пасайишига эришиш мумкин.
Мулоқотда қишлоқ хўжалиги соҳасида комплекс ёндашувга асосланган лойиҳаларни амалга ошириш масаласи ҳам муҳокама қилинди. Яъни, “лойиҳалаш — қуриш — инфратузилма билан таъминлаш — суғориш тизимини жорий этиш” тамойили асосида ишлаш таклиф этилмоқда. Бу эса инвестор фақат битта объектни қуриб кетиши эмас, балки муайян ҳудудда яхлит қишлоқ хўжалиги инфратузилмасини шакллантиришини англатади. Ер ўзлаштирилади, сув таъминоти йўлга қўйилади, насос станциялари ва қудуқлар барпо этилади, электр энергияси етказиб берилади, йўллар ташкил этилади ва энг муҳими, замонавий суғориш тизими ишга туширилади. Натижада ҳудудда янги иқтисодий занжир вужудга келиши, янги иш ўринлари яратилиши ва қишлоқ аҳолисининг даромад манбалари кенгайиши мумкин. Томонлар энергетика соҳасида ҳам истиқболли йўналишларни муҳокама қилди. Хусусан, электр станциялари, подстанциялар ва электр узатиш тармоқларини барпо этиш, сув хўжалигида сув таъминоти ва оқова сув тизимларини модернизация қилиш, саноат инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди. Бу йўналишлар бир-бири билан узвий боғлиқ. Чунки замонавий қишлоқ хўжалигини энергиясиз тасаввур этиб бўлмайди. Сувни чуқурликдан тортиб чиқариш, насос станцияларини ишлатиш, суғориш тизимларини бошқариш, қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш — барчаси барқарор энергия таъминотини талаб қилади. Шунинг учун ҳам “Elsewedy” билан музокараларнинг бир вақтнинг ўзида қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, энергетика ва инфратузилма масалаларини қамраб олгани алоҳида аҳамиятга эга.

Эътиборлиси, бундай ҳамкорликлар мамлакатда давлат раҳбари томонидан илгари сурилаётган инвестицияларни жалб қилиш, экспорт салоҳиятини ошириш, ҳудудларнинг иқтисодий имкониятларидан самарали фойдаланиш, сувни тежовчи технологияларни кенг жорий этиш ва замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган ташаббусларнинг Бухоро вилоятидаги амалий давоми сифатида намоён бўлмоқда. Бугун хорижий инвестор учун энг муҳим мезон — гапдан кўра натижа. Инвестор ер, инфратузилма, энергия, сув, логистика, кадрлар ва бозор масалаларида аниқ кафолат ва қулай муҳитни кўришни истайди. Бухорода эса ана шу масалаларни комплекс ҳал этишга қаратилган ёндашув тобора кучаймоқда. Вилоят ҳокимининг “Elsewedy” компанияси илғор технологиялари ва халқаро тажрибасидан самарали фойдаланиш, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни яратишга тайёр эканини таъкидлагани ҳам ҳамкорликка берилган юксак эътибордан далолатдир.
Учрашув якунида ҳамкорликни давом эттириш, аниқ лойиҳалар бўйича таклифларни ишлаб чиқиш, кейинги босқичда уларнинг техник-иқтисодий жиҳатларини муҳокама қилишга келишиб олинди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири