Томорқа — даромад ва тараққиёт манбаи
Вазирлар Маҳкамаси қарори ижроси амалда
Бугун мамлакатимизда ҳудудлар иқтисодиётини “ўсиш нуқталари” асосида ривожлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, айниқса, томорқа ва ижара ерларидан самарали фойдаланиш масаласи давлат сиёсатининг муҳим устувор йўналишларидан бирига айланган.
Бу борада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар жойларда амалий натижалар бериб, қишлоқларда янги иқтисодий муҳит шаклланишига хизмат қилмоқда.
Хусусан, Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 28 мартда қабул қилинган “Аҳоли томорқалари ва деҳқон хўжаликлари ер майдонларидан самарали фойдаланишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори бу йўналишда мутлақо янги тизимни жорий этди. Мазкур қарорда аҳоли томорқалари ва ижара ерларини хатловдан ўтказиш, “бир контур — бир маҳсулот” тамойили асосида сердаромад экинлар экиш, ресурс тежамкор технологияларни кенгайтириш ҳамда маҳаллалар кесимида драйвер лойиҳаларни амалга ошириш бўйича аниқ вазифалар белгилаб берилган.

Жиззах вилоятининг Бахмал туманида олиб борилаётган ишлар мазкур қарор ижросининг амалдаги ифодаси сифатида эътиборга лойиқ. Вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Зафар Азимов, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Бошқарув самарадорлиги агентлигининг Жиззах вилояти филиали бошлиғи Асилбек Эргашев ҳамда туман ҳокими Азизбек Эргашев раҳбарлигидаги ишчи гуруҳ томонидан ҳудуд иқтисодиётига қўшимча суръат бағишлайдиган драйвер лойиҳалар атрофлича ўрганилди.
Айниқса, “Гулбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинида амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилингани аҳоли учун қулай ва замонавий инфратузилма яратишга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг изчил тус олганини кўрсатди. Мастер-режа асосида ҳудудни комплекс ривожлантириш, тадбиркорлик субъектлари учун янги имкониятлар яратиш, хизмат кўрсатиш ва савдо нуқталарини кенгайтириш орқали маҳалланинг иқтисодий фаоллигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, ишчи гуруҳ томонидан аҳоли хонадонлари, томорқа ва ижара ер майдонларида экилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг ҳолати ҳам чуқур таҳлил қилинди. Ердан оқилона ва унумли фойдаланиш, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга солиш, ҳар қарич ердан юқори даромад олиш масалалари юзасидан мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.
Мутасаддилар томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари нархларини йил давомида барқарор сақлаш, мавсумий омилларнинг ички бозорга таъсирини юмшатиш мақсадида баҳорги ва такрорий экиш ишларини тизимли ташкил этиш зарурлиги алоҳида таъкидланди. Хусусан, озуқабоп ва экспортбоп сердаромад экинлар экилишини кенгайтириш, аҳолини сифатли уруғ ва кўчат билан таъминлаш, ҳар бир томорқани даромад манбаига айлантириш бўйича тегишли масъулларга аниқ вазифалар юклатилди.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугун томорқа ерларидан самарали фойдаланиш нафақат оилалар даромадини ошириш, балки ички бозорда нарх-навони барқарор сақлаш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва қишлоқ аҳолисининг иқтисодий фаоллигини кучайтиришда ҳам муҳим омилга айланмоқда. Бахмал туманида амалга оширилаётган бундай амалий ишлар эса давлатимиз раҳбари белгилаб берган ислоҳотларнинг жойлардаги ҳаётий натижасини яққол намоён этмоқда.
Абдужалол Қаюмов, ЎзА мухбири