Гўзаллик, нафосат ва қадриятлар уйғунлиги
Хабарингиз бор, Бобур шаҳрида ўтказилаётган Рассомлар фестивалининг учинчи куни ҳам юқори ижодий кўтаринкилик, қизиқарли мулоқотлар, ўзига хос ижодий жараёнлар билан давом этди.
Андижон тумани адирликларида қад ростлаётган Бобур шаҳри, хусусан, фестиваль бўлиб ўтаётган шаҳарнинг “Зиёлилар боғи”даги гўзал манзара ва тонгги шаббода шубҳасиз, ижод аҳли қалбига илҳом солади.
Улкан боғ ҳудудидан фестиваль иштирокчилари - Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри, ҳар бир вилоят, ҳатто, ўзига хос ҳунармандлик анъаналари шаклланган Шаҳрисабз, Қўқон шаҳарлари вакиллари учун ҳам алоҳида кўргазма майдонлари ажратилган.
Ҳар бир вилоятга хос жиҳозланган кўргазма майдонларини айланиб, қўли гул ҳунармандлар, ҳайкалтарошлар, мусаввирларнинг ўзига хос нафислик, нозик дид, юксак бадиий маҳорат билан тайёрланган тасвирий ва амалий санъат намуналари ҳар қандай кишининг ҳавасини уйғотади.
– Фестивалда барча йўналишлар бўйича вилоятимиздан 10 нафарга яқин ижодкор 100 га яқин ижодий ишлари билан иштирок этмоқда, – дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими раҳбари Расулжон Исмонов. – Уларнинг орасида Мурод Умар, Рустамжон Ўрозов, Ҳасанбой Тешабоев, Неъматжон Бекмуродов сингари тажрибали мусаввирлар, шунингдек, бир қатор истеъдодли ёшлар бор. Умуман, фестиваль ҳақиқий истеъдодларни юзага чиқарадиган ижод майдонига айланди.
Андижонлик мусаввир, Жалақудуқ туманидаги 13-сонли болалар мусиқа ва санъат мактаби ўқитувчиси Равшанбек Ўрозов шох ва шоир, улуғ саркарда Заҳириддин Муҳаммад Бобур сиймосини акс эттириш жараёнида бир гуруҳ ёш рассомларга маҳорат дарси ўтди.
[gallery-29528]
– Мусаввир ҳаёлидаги, тасаввуридаги қаҳрамонни, пейзажни мўйқалам орқали акс эттиради. Мусаввир ижодий ишининг муваффақияти ҳам тасаввурдаги сиймо ёки манзарани қай даражада маҳорат билан чизишидадир. Ёш рассомлар билан суҳбатда мусаввирликнинг нозик жиҳатлари, ижодий фаолиятим давомида орттирган тажрибалар билан ўртоқлашдим. Ишонаманки, ижод борасида айтилган таклиф ва тавсиялар уларга келгусида албатта, фойда беради, – дейди Равшанбек Ўрозов.
Кўргазмаларда намойиш этилаётган ижодий ишларда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос анъаналарини, мавзулар ранг-баранглигини кўриш мумкин.
Масалан, Наманган вилояти ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси, қатор танлов ва фестиваллар ғолиби, Ўзбекистон Бадиий академияси “Олтин медали” соҳиби Муҳаммадсоли Аҳмедовнинг ижодий ишларида гўзал табиат манзаралари ўзгача акс эттирилган.
– Ушбу фестивалда “Чодак”, “Бурчмулла”, “Тонгги ризқ”, “Қишлоқда куз”, “Табиат дам олмоқда” сингари ранг-тасвир йўналишидаги 30 га яқин ижодий ишларим билан қатнашяпман, – дейди мусаввир Муҳаммадсоли Аҳмедов. – Энг аввало, кўплаб юртдошларимиз кўргазмаларни, хусусан, менинг ижодий ишларимни томоша қилиб, завқ олаётганликларидан беҳад хурсандман.
Ҳайкалтарошлик санъатининг тошга бадиий ишлов бериш йўналиши камдан-кам ижодкор шуғулланадиган йўналишлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам қўқонлик ҳайкалтарош-уста Эргашали Тожибоевнинг ана шу йўналишдаги ижодий ишлари фестиваль меҳмонларининг алоҳида эътиборини тортмоқда.
– Кўргазмада 20 га яқин ижодий ишларимни намойиш этяпман, – дейди Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси аъзоси, ҳайкалтарош уста Эргашали Тожибоев. – Тўғри, тошга бадиий ишлов бериш бироз мураккаб йўналиш бўлса-да, бу иш билан қарийб 45 йилдан буён шуғулланиб келаман. Тайёрлаган ишларим билан одамларни ҳайратлантиришга ҳаракат қиламан. Шу ўринда биз ижодкорларга кенг намойиш майдонини тақдим этган ушбу фестиваль ташкилотчиларига, энг аввало, Президентимизга мингдан-минг раҳмат айтаман.
– Фестиваль жуда чиройли, юқори савияда ўтмоқда. Чиройли кўргазма майдонлари ташкил этилган. Шу ернинг ўзида ижод қилишимиз учун ҳам зарур шарт-шароитлар яратилган. Мен томошабинларга ранг-тасвир йўналишидаги 10 га яқин ижодий ишимни намойиш этяпман, – дейди Қашқадарё вилояти Қўғирчоқ театри бош рассоми Мирзоҳид Маматов. – Бутун Ўзбекистон тасвирий ва амалий санъат ижодкорларни бирлаштирган ушбу фестиваль маҳорат, тажриба ўрганиш майдонига айланди, десам муболаға бўлмайди. Чунки, тажрибали устозлар, ҳамкасбларимизнинг янги ижод намуналари билан танишиш асносида уларнинг тажрибаларини ўрганяпмиз, ижодий ишларимиз бўйича улардан зарур тавсия ва маслаҳатлар оляпмиз.
Самарқандлик ҳунарманд Шоирахон Ғаниева амалий санъатнинг қуроқчилик, матога табиий (ранг) гул босиш йўналишида иш олиб бораётган ҳунармандларнинг олтинчи авлоди саналади. Кўргазмада у ҳар икки йўналиш бўйича 50 га яқин ўзининг ижод намуналари билан қатнашмоқда.
– Ота-боболаримиздан ўрганган ҳунаримизни қизларимга, келинларимга ўргатганман. Шу орқали халқимизнинг қадим ҳунармандлик анъаналари давомийлигини таъминлашга ҳаракат қиляпман. Чиройли ўтаётган мазкур фестиваль ижод намуналаримизни намойиш этиш билан бирга, юртимизнинг турли ҳудудларидан келган ҳамкасблар, ҳунармандлар билан мулоқот қилиш, фикрлашиш имконини бераётганлиги билан ҳам аҳамиятли.
Эслатиб ўтамиз, Бобур шаҳрида шу йил 22 майга қадар давом этадиган Рассомлар фестивалида Қорақалпоғистон Республикаси ва юртимизнинг барча вилоятларидан 200 нафардан зиёд тасвирий ва амалий санъат вакиллари ўз ижод намуналари билан иштирок этмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев, Зуҳриддин Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.