Тўланмаган қарз эвазига иккита «MAN» юк машинаси аукционга чиқарилди
Бизнесни ривожлантириш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашда банк кредитлари муҳим восита ҳисобланади. Олинган маблағлардан тўғри фойдаланиб, мажбуриятларни вақтида бажариш — ҳар бир тадбиркорнинг бош вазифаси.
Акс ҳолда, йирик молиявий лойиҳалар жиддий ҳуқуқий муаммолар ва мулкдан айрилиш билан якунланиши ҳеч гап эмас. Андижонлик тадбиркор билан боғлиқ вазият бунга яққол мисол бўла олади.
Андижон туманлараро иқтисодий судининг 2026 йил 12 майдаги ижро варақасига асосан, қарздор “Asr umidi” МЧЖдан “Бизнесни ривожлантириш банки” АТБ фойдасига жуда йирик миқдорда — жами 7 миллиард сўмлик кредит қарздорлигини ундириш белгиланган эди.
Мазкур суд қарори ижросини таъминлаш мақсадида Мажбурий ижро бюроси (МИБ) Андижон вилояти бошқармаси томонидан тезкор ижро ҳаракатлари олиб борилди. Жараён давомида кредит таъминоти сифатида гаровга қўйилган 2 та юқори қувватли “MAN” автотранспорт воситалари аниқланиб, рўйхатга олинди ва хатланди.
Қарздорликни бартараф этиш учун тадбиркорга ихтиёрий муддат берилган бўлса-да, белгиланган вақт ичида кредит қарзи тўланмади. Шу сабабли, МИБ ходимлари томонидан хатланган юк машиналарини электрон аукцион савдоларига чиқариш чоралари кўрилмоқда.
Мутахассислар томонидан ҳар бир “MAN” автотранспорт воситасининг бошланғич сотув нархи 800 миллион сўмдан, жами 1,6 миллиард сўмгача баҳоланди.
Тез орада ушбу техникалар электрон савдо платформаси орқали сотувга қўйилади ва ундан тушган маблағлар банк фондидаги қарздорликни ёпишга йўналтирилади.
Ҳамроз Баёнов, ЎзА