Ўзбекистон делегацияси Россия атом саноатининг илғор амалиёти билан танишди
Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Очилбой Раматов раҳбарлигидаги делегация Россия Федерациясига амалий ташриф доирасида қатор учрашувлар ўтказди.
Делегация Воронежда бўлиб, вилоят губернатори Александр Гусев, маҳаллий ҳокимият органлари ва Россия атом саноати вакиллари билан учрашувлар ўтказди. Суҳбатлар чоғида давлат идоралари ва атом соҳаси корхоналари ўртасидаги ҳамкорликни самарали йўлга қўйиш, соҳани комплекс ривожлантириш ҳамда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш тажрибалари муҳокама қилинди.

Ташриф дастуридан Нововоронеж атом электр станциясига сафар ҳам ўрин олди. У ерда делегация аъзолари “Росэнергоатом” концерни раҳбарияти ҳамда станция мутасаддилари билан музокаралар ўтказди. Шунингдек, улар замонавий “3+” авлод энергоблокларининг эксплуатацияси, хавфсизликни таъминлашга қаратилган илғор ечимлар ва асосий ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Делегация Нововоронеж шаҳри ривожланишининг ўзига хос жиҳатларини ҳам ўрганди. Атом электр станцияси фаолияти билан узвий боғлиқ ҳолда шаклланган мазкур шаҳарда аҳоли учун зарур ижтимоий инфратузилма яратилган. Замонавий таълим муассасалари, маданият ва спорт объектлари, жамоат ҳудудлари ҳамда бошқа хизмат кўрсатиш тизимлари атом соҳаси ходимлари ва уларнинг оилалари учун муносиб турмуш шароитларини таъминлашга хизмат қилмоқда.

Сафар якунида Москва шаҳрида “Росатом” давлат корпорацияси бош директорининг биринчи ўринбосари, “Атомстройэкспорт” АЖ президенти Андрей Петров билан ишчи учрашув бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистондаги атом электр станцияси лойиҳасининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги вазифалари муҳокама қилинди. Томонлар қурилиш ишларини мувофиқлаштириш ҳамда лойиҳани белгиланган режа асосида амалга ошириш мақсадида тезкор штаб йиғилишларини мунтазам ўтказиб боришга келишиб олди.
“Ўзатом” агентлиги ахборот хизматига кўра, бундай ташрифлар атом энергетикаси соҳасидаги халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, илғор тажрибаларни ўрганиш ва уларни миллий лойиҳаларда самарали қўллашда муҳим аҳамият касб этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА