Тиббиётда ислоҳотларнинг янги манзили
Яқинда давлатимиз раҳбари тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Мазкур тақдимот давомида илгари сурилган таклифлар, тиббиёт тизимидаги янгиланишлар хусусида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, тиббиёт фанлари доктори, доцент Севара Убайдуллаева ўз муносабатини билдирди:
— Бугун мамлакатимизда инсон қадрини юксалтириш, аҳолига сифатли ва замонавий тиббий хизмат кўрсатишни таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида тиббий хизматларни ташкил этиш, бирламчи тиббий ёрдамни кучайтириш, замонавий клиникалар ва диагностика имкониятларини кенгайтириш борасида муҳим қадамлар ташланмоқда.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ҳам жойларда аҳоли билан учрашувлар, тиббиёт муассасаларидаги ўрганишлар ва соҳа вакиллари билан мулоқотлар давомида тиббий хизмат сифати, кадрлар салоҳияти, тиббий таълим ва беморлар хавфсизлиги билан боғлиқ масалаларни тизимли равишда ўрганиб келмоқда. Ўрганишлар жараёнида аниқланган муаммолар, аҳоли ва тиббиёт ходимларининг таклифлари Ҳукумат билан ҳамкорликда муҳокама қилиниб, улар асосида соҳани янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва ташаббуслар шакллантирилмоқда.
Яқинда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳасида кадрлар тайёрлаш, уларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳамда узлуксиз касбий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишгани соҳа ривожида муҳим воқеа бўлди. Тақдим этилган ташаббуслар тиббий таълимдан тортиб, шифокорнинг бутун меҳнат фаолияти давомидаги касбий ривожигача бўлган жараёнларни ягона тизим асосида ташкил этишни назарда тутмоқда.
Айниқса, тиббий таълимни назарий билим бериш билан чекланиб қолмай, компетенция ва амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтириш бугунги тиббиётнинг энг муҳим талабларидан биридир. Чунки замонавий шифокор фақат билимли бўлишининг ўзи кифоя қилмайди. У клиник вазиятни тўғри баҳолай олиши, бемор билан самарали мулоқот қилиши, замонавий диагностика усулларидан фойдаланиши, зарур даволаш тактикасини танлаши ва фавқулодда ҳолатларда тезкор қарор қабул қилиши лозим.
2027/2028 ўқув йилидан «Даволаш иши» йўналиши ўрнига 6 йиллик «Умумий тиббиёт» бакалавриат дастурини жорий этиш таклифи алоҳида аҳамият касб этади. Беш йиллик таълимдан кейин бир йиллик тўлиқ амалий тайёргарликнинг йўлга қўйилиши ёш мутахассисларнинг меҳнат фаолиятига тайёр ҳолда етиб келишини таъминлашга хизмат қилади. Дастурни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларнинг оилавий шифокор сифатида фаолият юритиши учун имконият яратилиши эса бирламчи тиббий ёрдам тизимини малакали кадрлар билан мустаҳкамлашга замин яратади.
Бунда оилавий тиббиётга устувор эътибор қаратилиши айниқса муҳим. Аҳоли билан энг яқин ишлайдиган тиббий бўғин сифатида оилавий шифокорнинг касбий салоҳияти қанчалик юқори бўлса, касалликларни эрта аниқлаш, профилактика ишларини кучайтириш, сурункали касалликларни назорат қилиш ва беморларни зарур ҳолларда тегишли мутахассисларга ўз вақтида йўналтириш имкониятлари шунчалик кенгаяди.
Резидентларнинг оилавий поликлиникаларда бир вақтнинг ўзида таълим олиши ва амалиёт ўташи ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади. Бундай ёндашув назария билан амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни кучайтиради, бўлажак мутахассисни реал клиник муҳитга тайёрлайди. Тор мутахассисликлар бўйича кадрлар тайёрлашнинг босқичма-босқич резидентурага ўтказилиши, магистратуранинг асосан илмий-педагогик кадрлар тайёрлашга йўналтирилиши эса тиббий таълим босқичларининг вазифаларини аниқ белгилаб беради.
Ўрта тиббий кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган янгича ёндашувлар ҳам аҳоли учун муҳим аҳамиятга эга. Хусусан, олий маълумотли ҳамшираларнинг ташхис, даволаш ва профилактика жараёнларида шифокорга яқин кўмакчи сифатидаги ролини кучайтириш тиббий жамоа ишини янада самарали ташкил этиш имконини беради. Бу шифокорларнинг иш юкини оқилона тақсимлаш, беморларга ажратиладиган вақтни кўпайтириш ва тиббий парвариш сифатини оширишга хизмат қилади. Шу билан бирга, ҳамширалик касбининг нуфузи ва профессионал масъулияти янада юксалади.
Тиббиётда сифатли хизмат кўрсатишнинг яна бир муҳим шарти — мутахассиснинг касбий тайёргарлигини холис баҳолашдир. Шу боис, тиббиёт ва фармацевтика ходимларини давлат рўйхатидан ўтказиш тизимининг жорий этилиши стратегик аҳамиятга эга. Барча тиббиёт ва фармацевтика ходимларини қамраб оладиган ягона электрон реестрнинг ташкил этилиши мутахассиснинг таълими, малакаси ва касбий фаолиятига оид маълумотларни бир тизимда жамлаш имконини беради. Унинг 16 та ахборот базаси билан интеграция қилиниши эса маълумотларнинг яхлитлиги ва шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Бундай тизим, аввало, бемор ҳуқуқларини ҳимоя қилиш нуқтаи назаридан муҳим. Фуқаро тиббий хизмат олаётганда уни қабул қилаётган мутахассиснинг касбий тайёргарлиги ва малакасига ишонч ҳосил қилиши керак. Мутахассисларнинг билим ва амалий кўникмаларини мустақил баҳолаш механизми эса тиббий хизмат сифати учун яна бир муҳим кафолат вазифасини бажаради.
Баҳолашнинг фундаментал ва клиник фанлардан бошланиб, кейинчалик мутахассислик бўйича давом эттирилиши, ягона тест ва топшириқлар банки ҳамда замонавий симуляцион базалар ташкил этилиши баҳолаш жараёнининг холислиги ва шаффофлигини оширади. Имтиҳондан ўта олмаган мутахассисларга қайта топшириш имконияти берилиши эса уларга ўз билимларини тўлдириш ва касбий салоҳиятини ошириш учун қўшимча имконият яратади.
Янги тизимга ихтиёрий равишда эртароқ кирган ходимларни рағбатлантириш чоралари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, давлат рўйхатига киритилган олий маълумотли шифокор ва фармацевтика ходимларига меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдорининг 5 бараваригача, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимларига 2,5 бараваригача устама тўлаш таклифи касбий ривожланишга рағбатлантириш беради. Бу орқали ўз билими ва малакасига мунтазам инвестиция киритадиган мутахассисларни қўллаб-қувватлашнинг янги механизми шаклланади.
Замонавий тиббиётнинг жадал ривожланиши ҳар бир мутахассисдан доимий равишда ўқиб-ўрганишни талаб қилади. Бугунги кунда янги диагностика усуллари, дори воситалари, тиббий технологиялар ва даволаш протоколлари қисқа муддатларда янгиланмоқда. Шу сабабли мутахассиснинг бир неча йил олдин олган билими билан узоқ муддат фаолият юритиши самарали натижа бериши қийин.
Янги узлуксиз касбий таълим тизими айнан шу эҳтиёждан келиб чиқмоқда. Тизимнинг кредит-модул тамойилига асосланиши, олий маълумотли тиббиёт ва фармацевтика ходимлари ҳар йили камида 50 кредит, ўрта тиббиёт ва фармацевтика ходимлари эса 28 кредит тўплаши белгиланиши касбий ривожланишни аниқ ва шаффоф мезонлар асосида баҳолаш имконини беради.
Муҳими, мутахассисга таълим провайдери, дастур ва ўқиш шаклини мустақил танлаш ҳуқуқи берилади. Анъанавий таълим билан бир қаторда масофавий таълим, онлайн курслар, иш жойида малака ошириш, семинар ва тренинглардан фойдаланиш имконияти яратилади. Бу, айниқса, ҳудудларда ишлаётган тиббиёт ходимлари учун катта қулайликдир. Мутахассис узоқ масофага бориб, иш жойидан узилиб қолмасдан ҳам ўз касбий билимларини мунтазам ошириб бориши мумкин бўлади.
Халқаро аккредитациядан ўтган хорижий дастур ва тадбирларда олинган кредитларни Ўзбекистонда тан олиш механизмининг жорий этилиши эса миллий тиббиёт таълимининг халқаро профессионал макон билан интеграциясини кучайтиради. Бу хорижий тажрибанинг мамлакатимиз тиббиёт амалиётига тезроқ кириб келишини, шифокорлар ва фармацевтика ходимларининг халқаро стандартлар асосида билим олишини рағбатлантиради.
Яратилаётган янги имкониятлар шифокор ва тиббиёт ходими учун касбий ўсиш, аҳоли учун сифатли ва хавфсиз тиббий хизмат, давлат учун эса замонавий, рақобатбардош ва юқори малакали тиббий кадрлар корпусини шакллантиришга хизмат қилади. Бугунги ислоҳотларнинг бош мезони ҳам, якуний натижаси ҳам битта тушунча билан ўлчанади — инсон саломатлиги ва ҳаётининг янада ишончли ҳимоя қилиниши.
Ушбу кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш жараёнида парламент вакиллари фаол иштирок этади: тиббий таълим, мутахассисларни давлат рўйхатидан ўтказиш, мустақил баҳолаш ва узлуксиз касбий ривожланишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш билан бир қаторда, қабул қилинаётган янгиликларнинг амалиётда самарали ишлаши учун зарур қонунчилик ечимларини илгари суради. Ҳудудларда тиббий хизмат кўрсатишнинг реал ҳолатини, аҳоли ва тиббиёт ходимларининг эҳтиёж ва таклифларини ўрганиб, уларни қонун ижодкорлиги, парламент эшитувлари ва парламент назорати механизмлари орқали ислоҳотларнинг сифатли бажарилишига ҳисса қўшади.
Муҳтарама Комилова ёзиб олди, ЎзА