Меҳнати ортидан қадр топаётганлар
– Тақдирланганим ҳақидаги хабарни карьер ичида рация орқали эшитдим. Ўша пайтда экскаватор кабинасида эдим...
Орамиздаги замондошларимиз
Шавкат Тоҳировнинг бу сўзларида қандайдир оддийлик бор. Аммо унинг ортида ўттиз йиллик меҳнат, касбга садоқат, устозларга ҳурмат ва ўз ишига бўлган чексиз масъулият мужассам. Мустақиллигимизнинг 35 йиллиги арафасида давлатимиз раҳбари фармонига кўра “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган Шимолий кон бошқармаси экскаватор машинисти учун бу хабар ҳамкасблари орасида, қадрдон иш жойида эшитилгани бежиз эмас. Чунки унинг бутун ҳаёти, меҳнат фаолияти ва эришган ютуқлари мана шу корхона билан чамбарчас боғлиқ.
Шавкат Тоҳиров ишлайдиган “Довғизтов” конида меҳнат режими вахта асосида ташкил этилган. Бир вахта етти кун давом этади. Шу боис унинг ҳаётида иш жойида эшитилган хушхабарлар талайгина. Тўнғич ўғли Шарофжоннинг олийгоҳга ўқишга кирганини ҳам раҳбарлари унга рация орқали билдиришган эди. Аммо бу галги хабарнинг ўрни бутунлай бошқача.
Давлат мукофоти!
Бу сўзнинг ўзи Шавкат аканинг кўз ўнгида бутун меҳнат йўлини гавдалантирди.
У қадрдон экскаватор кабинасида ўтирганча ёшлик йилларини эслади. Болаликдан ҳайдовчи бўлишни орзу қилганди. Мустақиллик йилларининг дастлабки даврида мактаб битирувчиси бўлган ёш Шавкат синфдошлари билан олийгоҳга кириш учун ҳужжат топширган, ўша пайтда янги жорий этилган тест синовлари ҳақидаги гап-сўзлар ҳамма жойда муҳокама қилинган эди. Бироқ кўпчилик сингари у ҳам етарли балл тўплай олмади.
Шунда у ҳаёт йўлини бошқача белгилади. Қизиқиши ва интилишига қараб, 2-сонли Ғиждувон касб-ҳунар техника мактабида таҳсил олишга қарор қилди. Ҳайдовчилик гувоҳномасини олди.
Унинг касб танлашида отасининг ўгитлари муҳим ўрин тутди.
“Танлаётган касбинг пирли касб. Уни мендан мерос қилиб оляпсан. Унинг иссиғига ҳам, совуғига ҳам сабр қиласан”, деган эди отаси Ботир ака.
Ота касбини ўғлига мерос қилиб қолдириш билан чекланмади. Ўша куни оилада бухороликларга хос “қўл олиш” маросими ўтказилди. Шогирд бўлган фарзандига “Шогирд муборак”, дея отасига тўн кийдирилди. Ботир ака эса ўғлига машинани созлашда керак бўладиган асбоб-ускуналарни совға қилди.
Бу оддий маросим эмасди. Бу отадан ўғилга касб, меҳнат ва ҳаёт фалсафасининг мерос қилиб топширилиши эди.
Ботир ака Ғиждувон туманидаги Ростгўй қишлоғида узоқ йиллар ҳайдовчилик қилиб, ҳалол меҳнати билан рўзғор тебратди. Ўғли Шавкат эса отасининг муносиб шогирди бўлишни ҳаёт қоидасига айлантирди.
Аслида, Шавкат Тоҳировнинг меҳнат дафтарчасидаги сўнгги ўттиз йиллик фаолиятини асосан Шимолий кон бошқармаси билан боғлиқ ёзувлар ташкил этади. У дастлаб экскаватор машинистига шогирд, кейин ёрдамчи бўлиб ишлади. Техниканинг мураккаб сир-асрорларини тажрибали устозлардан ўрганди. Сабр қилди. Тажриба орттирди. Ўз касбининг моҳир мутахассисига айланди.
Йиллар ўтди. Кимлардир иш кўпайиб, меҳнат ҳақи кўнгилдагидек бўлмаган пайтларда ишини ташлаб кетди. Шавкат ака эса отасининг насиҳатини ёдда тутди. Ҳалол меҳнат орқасидан рўзғор тебратаётганига, оиласи учун уй-жой қилаётганига шукр қилди. У касбини эмас, касби унинг қадрини оширишини англади.
– 2002 йилдан буён Шимолий кон бошқармасига қарашли “Довғизтов” конида экскаватор машинисти бўлиб ишлаяпман, – дейди қаҳрамонимиз. – Кейинги йилларда корхонамизда амалга оширилаётган йирик инвестицион лойиҳалар туфайли биз бошқараётган техникалар ҳам замонавийлашиб, иш суръати ошмоқда.
Дарҳақиқат, бугун кончилик соҳасини замонавий техника ва технологияларсиз тасаввур этиш қийин. Мамлакатимизда кон-металлургия саноатини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий этиш ва меҳнат унумдорлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар соҳада меҳнат қилаётган инсонлар фаолиятида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
– Бундан ўн йил олдин маънан эскирган, сиғими 5 куб метрлик экскаваторда ишлардим. Бугун эса “Довғизтов” кони энг сўнгги русумдаги техника ва ускуналар билан таъминланган. Ҳозир ковши 15 куб метр бўлган гидравлик экскаваторни бошқаряпман. Иш суръати ҳам шунга яраша ошган. Бир сменада 4-5 минг куб метр тоғ маъданини автосамосвалларга юклаб бераман, – дейди у.
Бу рақамлар ортида нафақат замонавий техника, балки уни бошқараётган инсоннинг маҳорати ҳам бор. Янги техника ишлаб чиқариш имкониятларини кенгайтирса, унинг самарали ишлаши, аввало, малакали мутахассисга боғлиқ.
Бугун Шимолий кон бошқармасидаги улкан ишлаб чиқариш жараёнини биргина инсон меҳнати билан тасаввур қилиб бўлмайди. Таркибида “Довғизтов”, “Шарқий”, “Ауминзо-Амантой”, “Турбай” каби йирик конлар, 3- ва 5-гидрометаллургия заводлари, Автомобиль ва Темир йўл транспорти бошқармалари, ўндан ортиқ цех, лаборатория ва участкалар мавжуд бўлган ушбу йирик тизимда 14 минг нафардан зиёд муҳандис-мутахассислар ва ишчи-ходимлар меҳнат қилмоқда.
Корхонада йилига 132 миллион куб метр маъдан қазиб олиниб, 15 миллион 600 минг тонна маъдан қайта ишланади.
– Минглаб инсонлар орасидан тақдирланганим бекорга эмас. Чунки бу мукофот биргина менга берилган мукофот эмас, жамоадошларимга ҳам берилган эътибордир. Уларнинг ҳар бири ўз ишига сидқидилдан ёндашадиган юқори салоҳиятли мутахассислар. Орамизда экскаватор машинистлари, бурғилаш ускуналари машинистлари, навбатчи чилангарлар, электр чилангарлар, кон ишчилари бор. Ҳар бирининг меҳнати қадрли, – дейди Шавкат ака.
Дарҳақиқат, давлат мукофоти бир инсоннинг эмас, унинг ортида турган муҳит, жамоа ва меҳнат мактабининг ҳам эътирофидир. Айниқса, “Меҳнат шуҳрати” ордени каби юксак мукофотнинг оддий меҳнат кишисига берилиши мамлакатимизда инсон меҳнати, касб-кор ва фидойиликка юксак баҳо берилаётганининг ёрқин ифодаси.
Ҳар куни Шавкат Тоҳиров сингари минглаб ишчи-ходимлар, муҳандис ва мутахассислар “НКМК” ёзуви туширилган иш кийимида қадрдон корхонаси сари йўл олади. Улар учун бу жой шунчаки ишхона эмас. Бу меҳнат билан умри ўтаётган, фарзандларини вояга етказаётган, орзу-мақсадларини рўёбга чиқараётган ҳаёт мактаби. Бу ерда меҳнат қадрланади. Инсонга эътибор бор. Касбий маҳорат рағбатлантирилади.
Бугун унинг кўксида порлаётган “Меҳнат шуҳрати” ордени нафақат бир инсоннинг мукофоти. У ўттиз йиллик ҳалол меҳнатнинг, ота ўгитининг, устоз сабоғининг ва юрт тараққиётига қўшилган муносиб ҳиссанинг рамзидир.
А.Бўриев, ЎзА мухбири