Тиббиёт тараққиёти ва инновацион ёндашувлар
Тошкент давлат тиббиёт университетида ортопедик стоматология ва ортодонтиянинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Бугунги кунда тиббиётнинг барча йўналишлари қаторида стоматология соҳаси ҳам жадал рақамлашув, юқори технологиялар ва илғор илмий ёндашувлар даврини бошдан кечирмоқда.
Тошкент давлат тиббиёт университетида ўтказилган «Ортопедик стоматология ва ортодонтиянинг долзарб муаммолари» мавзусидаги илмий-амалий анжуман айнан шу глобал чақириқлар ва мамлакатимизда тиббий хизмат сифатини янги босқичга кўтаришга қаратилгани билан муҳим аҳамият касб этди.
Мазкур нуфузли тадбир соҳа мутахассислари, етакчи олимлар, профессор-ўқитувчилар ҳамда ёш тадқиқотчиларни бир майдонда жамлаб, ортопедик стоматология ва ортодонтия соҳаларини ривожлантиришнинг энг муҳим стратегик ва амалий масалаларини чуқур муҳокама қилишга хизмат қилди.
Маълумки, жаҳон тиббиёт амалиётида бугунги кунда ортопедик стоматология ва ортодонтия соҳаси сунъий интеллект, рақамли сканерлаш тизимлари, 3D моделлаштириш ва инновацион биомослашувчан материаллардан фойдаланиш орқали тубдан янгиланмоқда.
Шу боис, ривожланган хорижий давлатлар тажрибаси беморларга тиббий ёрдам кўрсатишда рақамли технологияларни жорий этиш муолажа вақтини кескин қисқартириб, диагностика аниқлигини ошириши ҳамда клиник натижаларнинг барқарорлигини таъминлашини яққол кўрсатмоқда. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда тиббиёт тармоқларини халқаро стандартларга етказиш, замонавий ускуналар билан жиҳозлаш ва кадрлар салоҳиятини ошириш бўйича кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилаётгани бежиз эмас.

Тадбир давомида эришилаётган ютуқлар ва келажакдаги стратегик вазифаларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Хусусан, анжуманда иштирок этган Тошкент давлат тиббиёт университетининг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори, профессор Феруза Азизова илмий изланишларни бевосита клиник амалиёт эҳтиёжлари билан уйғунлаштириш, олий таълим ва амалий тиббиёт интеграциясини янада кучайтириш бугунги куннинг энг асосий талаби эканини таъкидлади.
Шунингдек, у замонавий юқори технологик ускуналар ва рақамли платформалардан фойдаланиш орқали ёш тадқиқотчиларнинг илмий салоҳиятини тўлақонли рўёбга чиқариш соҳамиз тараққиётини янги босқичга кўтаришга хизмат қилишини қайд этди.
Бироқ, эришилган ютуқлар билан бирга, соҳада ўз ечимини кутаётган айрим тизимли муаммолар ҳам мавжуд бўлиб, улар анжуман қатнашчилари томонидан атрофлича муҳокама қилинди. Жумладан, айрим ҳудудий тиббиёт муассасаларида рақамли стоматологик ускуналар ва замонавий ортодонтик материаллар билан таъминланиш даражасини янада ошириш, аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида тиш-жағ аномалияларининг олдини олиш бўйича тарғибот ва эрта ташхис қўйиш тизимини кучайтириш ҳамда мутахассисларнинг малакасини узлуксиз ошириб бориш масалалари долзарб вазифалардан экани эътироф этилди. Шу маънода, илғор хорижий марказлар билан илмий ҳамкорлик ва академик алмашинувларни кенгайтириш ушбу муаммоларни бартараф этишнинг асосий йўналишлари сифатида кўрсатиб ўтилди.
Анжуман доирасида қабул қилинадиган амалий тавсиялар ва илмий хулосалар келажакда беморларга кўрсатилаётган ихтисослаштирилган тиббий хизматлар сифатини янада оширишга хизмат қилади.
М.Қосимова, ЎзА