Ибн Сино – Шарқ ва Ғарб фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси
Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида «Ибн Сино – Шарқ ва Ғарб фалсафий тафаккурининг буюк намояндаси» мавзусида кенг кўламли халқаро анжуман ўтказилди.
Тадбир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 16 февралдаги фармони ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори ижросини таъминлаш, шунингдек, 2030 йилда буюк аллома Абу Али ибн Сино таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлашга пухта тайёргарлик кўриш мақсадида ташкил этилди.

Мазкур нуфузли тадбир юртимизда илмий меросни чуқур ўрганиш, алломаларимизнинг жаҳон цивилизацияси тараққиётига қўшган бебаҳо ҳиссасини кенг тарғиб этиш борасидаги давлат сиёсатининг яна бир амалий ифодаси бўлди. Анжуман доирасида жаҳон илм-фани тараққиётига улкан ҳисса қўшган улуғ алломанинг бой маънавий хазинаси бугунги кун глобаллашув ва рақамлашув жараёнларида ҳам муҳим илмий-амалий аҳамият касб этиши эътироф этилди.
Конференцияда Ўзбекистон, Тожикистон, Эрон, Ўмон, Миср, Япония, Франция ва Афғонистон каби давлатлардан етакчи шарқшунослар, матншунослар ҳамда тиббиёт соҳасида фаолият олиб бораётган таниқли олимлар иштирок этди.

Конференция ишида Ибн Синонинг Шарқ ва Ғарб цивилизациясига таъсири, борлиқ ва билиш, макон ва замон ҳамда Абу Райҳон Беруний билан илмий ёзишмалари чуқур таҳлил қилинди. Жумладан, «Тиб қонунлари»нинг Теҳрон университетида сақланаётган 1109-1110 йилларга оид қадимий нусхаси ҳамда «Китоб аш-шифо»нинг янги изоҳли ўзбекча талқини кенг жамоатчиликка тақдим этилди.
Шунингдек, алломанинг «Аш-шифо», «Ал-Ишорат ва ат-танбиҳот», «Донишнома» ва «Ал-ҳикма ал-машриқийя» каби ноёб асарлари қўлёзма нусхалари асосида электрон каталоглар яратиш ҳамда рақамли ресурслардан фойдаланиш масалалари атрофлича кўриб чиқилди. Анжуманда Ибн Сино қарашларини замонавий тиббиёт билан боғлаш, маҳаллий доривор ўсимликлар асосида инновацион фитопрепаратлар яратиш ва «Китоб ал-ҳайвон» асаридаги тиббий таҳлиллар қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

– Бугунги халқаро анжуман аллома меросини фақатгина тарихий нуқтаи назардан эмас, балки замонавий илм-фан, инновацион технологиялар ва рақамли платформалар уйғунлигида янгича талқин қилишда муҳим минбар бўлиб хизмат қилмоқда, – деди Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов. – Фондимиз олдида турган асосий вазифа – Ибн Синонинг жаҳон цивилизацияси хазинасига кирган бебаҳо асарларини кенг жамоатчиликка, айниқса, ёшларга етказиш, халқаро илмий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва тиббиёт ҳамда фалсафа соҳасидаги янги изланишларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашдан иборатдир.
Дарҳақиқат, қайд этилганидек, мазкур халқаро конференция Абу Али ибн Синонинг бой илмий, фалсафий ва тиббий меросини замонавий тадқиқотлар ҳамда рақамли технологиялар воситасида янги босқичга кўтаришда муҳим аҳамиятга эга.
Моҳигул Қосимова,
ЎзА