Тиббий туризм – Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини ошираётган стратегик йўналиш
Сўнгги йилларда Ўзбекистон туризм соҳасида фақат тарихий-маданий ёки зиёрат туризми билан эмас, балки янги ва истиқболли йўналишлар орқали ҳам халқаро майдонда ўз ўрнини мустаҳкамлаб бормоқда.
Ана шундай муҳим йўналишлардан бири – тиббий туризм бўлиб, у мамлакат иқтисодиётига инвестиция ва валюта тушумларини кўпайтириш, шунингдек, миллий тиббиёт тизимининг халқаро рақобатбардошлигини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Туризм қўмитаси ташаббуси билан ўтказилган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотда айнан тиббий туризмни янада ривожлантириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди. Унда Ўзбекистоннинг қулай географик жойлашуви, замонавий клиникалар сонининг ортиб бораётгани ҳамда тиббий хизматлар сифати юксалаётгани хорижлик беморлар учун мамлакатимизни жозибадор манзилга айлантираётгани алоҳида таъкидланди.
Айниқса, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва Туркманистондан даволаниш мақсадида келаётган фуқаролар сонининг йил сайин ортиб бораётгани ушбу соҳадаги ислоҳотлар самарасини яққол намоён этмоқда. Бу эса нафақат тиббий хизматлар сифатига бўлган ишонч, балки мамлакатда яратилган қулай шароитларнинг ҳам амалий натижасидир.

Мутахассислар фикрича, тиббий туризмни ривожлантиришда фақат замонавий ускуналар ёки юқори малакали шифокорларнинг ўзи етарли эмас. Бунда хизмат кўрсатиш маданияти, беморларга индивидуал ёндашув, кўп тилли маслаҳат хизматлари, рақамли технологиялар, онлайн қабул тизимлари ва телемедицина каби замонавий ечимлар ҳам муҳим ўрин тутади.
Очиқ мулоқот давомида хорижий тиббиёт муассасалари билан ҳамкорликни кенгайтириш, клиникаларнинг халқаро аккредитациядан ўтишини қўллаб-қувватлаш, «Даволаниш + саёҳат» турпакетларини оммалаштириш, туроператорлар ва оммавий ахборот воситалари учун инфо-турлар ташкил этиш каби устувор вазифалар белгилаб олинди. Бу ташаббуслар Ўзбекистонни нафақат сифатли даволаниш, балки қулай саёҳат имкониятларини ҳам таклиф этувчи мамлакат сифатида танитишга хизмат қилади.
Шунингдек, электрон виза тизимини янада такомиллаштириш, беморларга ҳамроҳлик қилувчи шахслар учун қўшимча енгилликлар яратиш, халқаро PR кампанияларини кучайтириш ҳамда тиббий туризм соҳаси учун малакали кадрлар тайёрлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Бугун дунёда тиббий туризм тез суръатларда ривожланаётган иқтисодий йўналишлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ҳам мавжуд имкониятлардан оқилона фойдаланган ҳолда ушбу бозорда ўзининг муносиб ўрнини эгаллашга интилмоқда. Тиббий хизматлар сифати, меҳмондўстлик анъаналари ва бой туристик салоҳиятнинг уйғунлиги мамлакатимизни Марказий Осиёдаги етакчи тиббий туризм марказларидан бирига айлантириш учун мустаҳкам пойдевор яратмоқда.
Муҳайё Тошқораева, ЎзА