Оролбўйида гастрономик туризмни ривожлантиришда муҳим қадам
Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Қорақалпоқ этно овули” туристик мажмуасида “QR Gastronomic Quality – 2026” гастрономик фестиваль бўлиб ўтди.
Ушбу кенг кўламли тадбир маҳоратли ошпазлар, ресторан бизнеси вакиллари, туризм соҳаси мутахассислари, экспертлар ҳамда меҳмонларни бирлаштирди.
Фестиваль Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги Жамоат фондининг ижтимоий буюртмаси асосида молиялаштирилган ва “DMO Karakalpakstan” (Destination Management Organization of Karakalpakstan) жамоат бирлашмаси томонидан амалга оширилган “QR Gastronomic Quality” лойиҳасининг якуний босқичи бўлди.
Лойиҳани амалга ошириш давомида давлат, жамоатчилик ва тадбиркорлик секторлари вакилларини бирлаштирган кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Жами 6 та семинар-тренинг ташкил этилди, уларда гастрономик бизнес, туристик компаниялар, ҳунармандлар ва ёшлардан иборат 213 нафар иштирокчи жалб қилинган бўлса, яна 122 нафари лойиҳа тақдимотларида иштирок этди.
Шунингдек, лойиҳани амалга ошириш жараёнида Қорақалпоғистон Республикасида туризмни ривожлантириш бўйича Мувофиқлаштирувчи кенгашнинг учта йиғилиши ўтказилди. Унда давлат ва хусусий сектор, ННТ вакиллари лойиҳа, Қорақалпоғистонда гастрономик хизматлар бозорини ривожлантиришнинг долзарб масалалари, мавжуд муаммолар ва уларни ҳал этиш йўллари билан танишиш имкониятига эга бўлдилар. Шунингдек, халқаро ташкилотлар вакиллари билан учрашувлар ўтказилди, 151 нафар ёш иштирокчи таълим тадбирларига жалб қилинди. Қўшимча равишда, соҳанинг 47 нафар вакили хорижий экспертлар томонидан ташкил этилган маҳорат дарслари ва амалий машғулотларда иштирок этди.
Лойиҳанинг муҳим натижаларидан бири замонавий таълим базасини яратиш бўлди. Етакчи маҳаллий мутахассислар иштирокида гастрономик хизматлар сифат стандартларини жорий этиш бўйича амалий қўлланма тайёрланди. Нашр бир вақтнинг ўзида қорақалпоқ, ўзбек ва рус тилларида чоп этилди ҳамда Қорақалпоғистон Республикасидаги ресторанлар, кафелар ва бошқа умумий овқатланиш корхоналарига тарқатилди.
Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳамда Вазирлар Кенгаши қўллаб-қувватлаши билан ташкил этилган фестиваль давомида маҳоратли ошпазлар танлови, ҳудуддаги ресторан, кафе ва бошқа умумий овқатланиш шохобчалари ўртасида танлов, турли миллатларнинг миллий таомлари кўргазмаси, шунингдек, концерт дастури ва бошқа маданий кўнгилочар тадбирлар ташкил этилди.
Лойиҳада соҳани рақамлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ҳозирги кунда ҳудудда www.qrgastronomy.uz электрон платформаси ва “QR Gastronomic” мобил иловаси (Android ва iOS учун) фаолият кўрсатмоқда. Ушбу рақамли воситалар бизнес ва туристлар учун янги имкониятларни яратмоқда. Меҳмонлар QR-код орқали бир зумда рақамли менюни очишлари, тўрт тилда тақдим этилган таомларнинг фотосуратлари, тавсифи, таркиби, вазни ва нархлари билан танишиши, фикр-мулоҳаза қолдиришлари, хизмат кўрсатиш даражасини баҳолашлари ҳамда муассасалар рейтинги билан танишишлари мумкин. Бу эса хизмат кўрсатиш соҳасида шаффофликни ошириш ва сифат маданиятини шакллантиришга хизмат қилади.
Фестиваль давомида меҳмонлар маҳоратли ошпазлар мусобақасини кузатдилар. Шунингдек, иштирокчилар турли халқларнинг миллий ошхоналари билан танишдилар, мавзули кўргазма павильонларига ташриф буюрдилар, танлов ва викториналарда иштирок этдилар ҳамда миллий либослар ва анъанавий таомлар намойиш этилган гастро-дефилени томоша қилдилар.
Фестиваль якунида танлов ғолиблари, фаол иштирокчилар аниқланиб, улар диплом, хорижга саёҳат ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди. Жумладан, ресторан ва кафелар ўртасида ўтказилган танловда биринчи ўринни Хўжайли туманидаги “Caravan” ресторани, иккинчи ўринни Нукус шаҳридаги “MJ Family” ресторани, учинчи ўринни “Қорақалпоқ ошхонаси” ресторани эгаллади. Ғолиб жамоа Қорақалпоғистоннинг умумий овқатланиш бизнеси соҳасини янги сифат босқичига олиб чиқиш, гастрономияни ҳудуднинг муҳим туристик брендларидан бирига айлантириш ҳамда замонавий хизмат кўрсатиш стандартларини жорий этиш мақсадида хорижга тажриба ошириш саёҳати билан тақдирланди.
Шунингдек, маҳоратли ошпазлар ўртасида ўтказилган танловда Нукус шаҳридаги "Лас-Вегас" ресторанининг бош ошпази Мадина Давлетмуратова биринчи, Хоразм ошпазлик санъати академияси ёрдамчи ошпази Сарабиби Орозметова иккинчи, Мўйноқ тумани “ANISA” ресторанининг бош ошпази Гулмира Ботирбоева учинчи ўринларни эгаллади. “MJ Family” ресторани бош ошпази Андрей Грачёв махсус номинация билан тақдирланди.
Фестиваль доирасида Қорақалпоғистон Республикасида фаолият олиб бораётган миллий маданий марказлар ўртасида миллий таомлар танлови ўтказилди. Ҳакамлар ҳайъати томонидан биринчи ўринга Рус миллий маданий маркази, иккинчи ўринга “Славутич” украин миллий маданий маркази, учинчи ўринга Корейс миллий маданий маркази муносиб деб топилди. Танлов ғолибларига ташкилотчилар томонидан диплом, статуэтка ва пул мукофоти топширилди.
Бугунги кунда “QR Gastronomic Quality” лойиҳаси фақат фестиваль ёки танлов эмас. Бу таълим, рақамли технологиялар, халқаро ҳамкорлик ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни бирлаштирувчи комплекс ташаббусдир. Унинг амалга оширилиши хизматлар сифатини оширишга, ҳудуднинг бой ошпазлик анъаналарини сақлаб қолишга ҳамда ҳудуднинг замонавий туристик имижини шакллантиришга хизмат қилмоқда. Мазкур фестиваль гастрономия нафақат маданий мероснинг бир қисми, балки туризм, иқтисодиёт ва Қорақалпоғистон Республикасининг халқаро имижини ривожлантиришнинг кучли воситаси эканлигини яна бир бор яққол намоён этди.
[gallery-30364]
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат),
ЎзА мухбирлари